Макрон хотинини “эркак” деган америкалик журналистни судга берди
Олам
−
24 Июль 6185 2 дақиқа
Франция Президенти Эммануэль Макрон ва унинг рафиқаси Брижит Макрон Делавэр штати Олий судига нуфузли консерватив фаол ва машҳур подкаст бошловчиси 36 ёшли Кэндис Оуэнсга нисбатан туҳмат тўғрисида даъво қўзғатди. Бу ҳақда бугун, 24 июль куни бир қатор Америка оммавий ахборот воситалари, жумладан, CNN ва “Financial Times” хабар берди.
“Делавэрда чоршанба куни берилган 218 саҳифалик даъво Оуэнсни “бемаъни, туҳмат ва ёлғон уйдирмалар”ни чоп этишда айблайди, уларнинг энг асосийси Брижит Макрон Жан-Мишель Тронье исмли одам бўлиб туғилгани ҳақидаги даъводир”, деб ёзади “Financial Times”.
Журналист ўзининг YouTube-каналида деярли 4,5 миллион обуначи бўлган “Брижитга айланиш” номли саккиз қисмдан иборат подкастни эълон қилди, унинг эпизодларидан бири “Франциянинг биринчи хоними эркакми?” деб номланади.
Бундан ташқари, Макронларнинг суд баёнотига кўра, Оуэнс, шунингдек, Франция Президенти ва унинг рафиқаси қон-қариндош ва Эммануэль Макроннинг ўзи “одамлар устида Марказий разведка бошқармаси тажрибаси ёки MKUltra'га ўхшаш ҳукуматнинг ақлни назорат қилиш дастури натижаси эканини таъкидлаган.
Макронлар оиласининг адвокати Томас Клэрнинг сўзларига кўра, Президент ва биринчи хоним судда шахсан иштирок этиш учун Делавэрга боришга тайёр.
Ўз навбатида, Кэндис Оуэнснинг вакили “Axios”га “оғзини юммаслигини” айтди ва даъвони “АҚШ Конституциясининг биринчи тузатиши билан кафолатланган америкалик мустақил журналистнинг ҳуқуқларига ҳужум” деб атади.
Франциянинг биринчи хоними эркак бўлиб туғилган, деган фитна назарияси биринчи марта ижтимоий тармоқларда 2021 йилда эшитилган. Унинг энг кўзга кўринган тарафдорлари Кэндис Оуэнс ва Такер Карлсон эди. Макронларнинг даъвосига кўра, Америка оммавий ахборот воситаларида Брижит Макронга қарши “биринчи бўлиб асоссиз айбловлар қўйган” Оуэнс бўлган.
Францияда Президентнинг рафиқаси шу каби баёнотни тарқатган журналист Наташа Рейга нисбатан аллақачон туҳмат юзасидан судга мурожаат қилган. 2024 йил сентябрида суд Рейни жаримага тортди, аммо 2025 йил июлида Париж апелляция суди уни оқлади. Журналистнинг адвокатига кўра, у энди Брижит Макрон устидан судга мурожаат қилмоқчи.
Live
Барчаси