Макрон Францияга қайтиб кетди
Жамият
−
02 Ноябрь 2023
6342Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи якунига етди. У бугун, 2 ноябрь куни Самарқанддан Францияга жўнаб кетди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан мамлакатда бўлган Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг Самарқанд шаҳрига икки кунлик ташрифи доирасида бир қатор икки томонлама тадбирлар бўлиб ўтди.
Хусусан, кеча, 1 ноябрь куни давлат раҳбарлари Регистон майдонида самимий мулоқот қилиб, тунги Самарқанд бўйлаб сайр қилди ҳамда “Боқий шаҳар” мажмуасини бориб кўрди.
Бугун, 2 ноябрь куни тор ва кенгайтирилган таркибда олий даражали мулоқотлар бўлиб ўтди, улар якунида давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтаришга келишиб олди. Қўшма баёнот қабул қилиниб, қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди.
Давлат раҳбарлари Франциянинг етакчи компания ва банклари вакиллари иштирокидаги қўшма бизнес форуми очилишида иштирок этишди.
Куннинг иккинчи ярмида Президентлар Самарқанддаги Конгресс марказида биргаликда дарахт экди, Ўзбекистоннинг маданий мероси кўргазмаси билан танишди. Шунингдек, Француз альянсининг Самарқанддаги филиали очилиши бўлиб ўтди.
Франция делегацияси катта қизиқиш билан Самарқанднинг тарихий-меъморий дурдоналари билан танишди.
Ташриф тадбирлари якунлангач, аэропортда Президент Эммануэль Макронни Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев кузатиб қўйган.
LiveБарчаси