Макрон Ўзбекистонга ташрифи якунида Самарқанддаги тарихий обидаларни бориб кўрди
Жамият
−
02 Ноябрь 2023
5921Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасидаги тадбирлар якунида Президент Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳрининг қадимий обидалари билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, давлат раҳбарлари дастлаб Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейини бориб кўрган. Меҳмонлар музейда Мирзо Улуғбек даврига оид ашёлар, китоблар, қўлёзмалар, асл нусхадаги квадрант асбобини кўздан кечирган.
Шундан сўнг Президентлар Амир Темур мақбарасига борган. Олий мартабали меҳмонга буюк Соҳибқироннинг ҳаёти, ҳарбий маҳорати, бунёдкорлик ишлари ҳақида сўзлаб берилган.
Бутун дунёда Амир Темур шахсига ва темурийлар меросига қизиқиш катта экани, жумладан, 1988 йилда Франсияда Темурийлар тарихи ва маданиятини ўрганувчилар ассосиацияси тузилгани қайд этилган.
Ассосиациянинг собиқ президенти, профессор Люсен Керен Амир Темур ва темурийлар даврини кўп йиллар давомида тадқиқ этгани, Франсия ва Ўзбекистон халқлари яқинлашишига катта ҳисса қўшгани учун Ўзбекистоннинг “Шуҳрат” медали билан тақдирлангани айтиб ўтилган.
Айтиш жоиз, 1996 йилда Париждаги UNESCО қароргоҳида “Темурийлар даврида илм-фан, маданият ва маорифнинг гуллаб-яшнаши” номли кўргазма бўлган. Ўтган йили Ўзбекистон раҳбарининг Францияга ташрифи доирасида Лувр музейида ташкил этилган “Ўзбекистон воҳаларининг мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида” кўргазмаси ташкил этилган эди.
Шунингдек, Мирзиёев ва Макрон Регистон мажмуасини ҳам бориб кўрган. У ерда ҳам меҳмонларга ўзбек халқининг қадимий меъморчилик анъаналари, пештоқлардаги нақшлар ва маънолар ҳақида сўзлаб берилган.
Сўнг эса Президентлар Шоҳи Зиндага борган. Меҳмонлар мажмуа дарвозаси ва мақбаралар тарихи билан танишган ҳамда нақшлар нафислигини эътироф этган.
“Умуман айтганда, Самарқанд обидалари меҳмонларда катта таассурот қолдирди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанддаги олий даражадаги музокаралардан сўнг, Президент Шавкат Мирзиёев ва Франция Президенти Эммануэль Макрон мамлакатларни янада яқинлаштириш ва халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга қатъий интилиш белгиси сифатида Самарқанддаги Конгресс маркази боғида дарахт экканди.
Шунингдек, етакчилар Ўзбекистон маданий меросига бағишланган кўргазма билан ҳам танишган эди. Кўргазмада Ўзбекистоннинг 7 та музейидан экспонатлар жамланган. Мамлакатнинг қадимий тарихи ва бой маданияти ҳақида тасаввур берувчи нодир ашёлар хронологик экскурсия тарзида жойлаштирилган.
LiveБарчаси