Мирзиёев Макрон билан бирга дарахт экди
Жамият
−
02 Ноябрь 2023
4768Самарқанддаги олий даражадаги музокаралардан сўнг, Президент Шавкат Мирзиёев ва Франция Президенти Эммануэль Макрон мамлакатларни янада яқинлаштириш ва халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга қатъий интилиш белгиси сифатида Самарқанддаги Конгресс маркази боғида дарахт экди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Етакчилар Ўзбекистон маданий меросига бағишланган кўргазма билан ҳам танишган. Кўргазмада Ўзбекистоннинг 7 та музейидан экспонатлар жамланган. Мамлакатнинг қадимий тарихи ва бой маданияти ҳақида тасаввур берувчи нодир ашёлар хронологик экскурсия тарзида жойлаштирилган.
Кўргазма 3 та бўлимдан иборат. Биринчи бўлим қадимги давлатлар даври, маданиятларнинг Ипак йўли орқали тарқалиши, Кушонлар империяси ҳақида бўлиб, ҳайкалчалар, тилла буюмлар ва тангалар намойиш этилган. Уларнинг айримлари Ўзбекистон ва Франция олимларининг биргаликдаги экспедициясида топилган.
Иккинчи бўлим қадимги ва ўрта асрларда санъат ва маданиятнинг гуллаб-яшнаши, йўллар ва карвонлар мавзуси билан таништиради.
Учинчи бўлим Ренессанс ва темурийлар даврида Марказий Осиёда ислом динининг тарқалиши, маданият ва илм-фан ривожланиши ҳақида. Бу ерда меҳмонлар Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий каби улуғ алломаларнинг қўлёзмалари билан танишиши мумкин. Бу бўлим буюк ҳукмдор Амир Темур сиймоси атрофида ташкил этилган бўлиб, унда ўша даврга оид безак буюмлари ва Франция қиролининг Соҳибқиронга йўллаган мактуби тақдим этилган.
Кўргазма Франция Президенти ва делегация аъзоларида катта таассурот қолдирган.