Ўзбекистон ва Франция ўртасида 8 та ҳужжат имзоланди
Жамият
−
02 Ноябрь 2023
11651Бугун, 2 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Президенти Эммануэль Макрон Қўшма баёнот қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Айтилишича, баёнотда икки давлатнинг ўзаро муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтариш нияти қайд этилган.
Шунингдек, ҳужжатда икки томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолатига ҳамда турли соҳаларда давлатлараро муносабатларни чуқурлаштириш истиқболларига баҳо берилган. Томонларнинг халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга, долзарб глобал ва минтақавий муаммоларни биргаликда ҳал қилишга интилиши тасдиқланган.
Президентлар ҳузурида молия, таълим, маданият ва икки томонлама ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари бўйича 8 та икки томонлама ҳужжат имзоланган.
Жумладан:
- “Самарқанд Француз Альянси”ни ташкил этиш ва унинг фаолияти тўғрисида ҳукуматлараро битим;
- Ўзбекистонда ичимлик суви таъминоти инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳукуматлараро молиявий баённомалар (1- ва 2-босқичлар);
- Ўзбекистонда Франция тараққиёт агентлиги ва “ПРОПАРКО”ни ташкил этиш ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида баённома;
- ташқи ишлар вазирликлари ўртасида дипломатик кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида декларация;
- мактабгача, мактаб, профессионал ва олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик бўйича баённома;
- маданий мерос соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида декларация;
- профессионал ва техник таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида келишув.
Бундан ташқари, ташриф доирасида Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда “SUEZ” ва “Bouygues” компаниялари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида декларациялар имзоланган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 ноябрь куни Эммануэль Макрон Самарқандга етиб келганди. Бугун, 2 ноябрда Конгресс марказида уни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Олдинроқ Мирзиёев ва Макрон тор доирада ва кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказганди. Макрон келишидан олдин “Bloomberg” нашри Франция Президентининг Қозоғистон ва Ўзбекистонга сафаридан мақсад мамлакатнинг энергия хавфсизлигини яхшилаш эканини ёзганди. AFP эса Елисей саройидаги манбасига таяниб, Макроннинг Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташрифидан минтақада АҚШ ва Европа Иттифоқи билан бирга Париж ҳам ўз вазнини сақлаб қолишини мақсад қилганини хабар берганди.
LiveБарчаси