Мақсад “озод қилиш”. ДХР Украинанинг қайси ҳудудига кўз тиккани айтилди
Олам
−
24 Февраль 2022
18227Украина шарқида россияпараст сепаратистлар назоратидаги Донецк ва Луганск халқ республикалари мамлакатнинг шу номдаги вилоятларини эгалламоқчи. Буни ДХР ҳарбий қўмондонлиги вакили Эдуард Басуриннинг баёнотидан пайқаш қийин эмас.
Унга кўра, ДХР кучларининг вазифаси Донецк вилояти чегараларига чиқиш ва “ҳудудларни озод қилиш”.
“Украина ҳарбийлари қуролларини ташламаган, гуруҳ катта, вазият оғир, у Украина аҳолисини армиядаги қариндошларидан қуролларини қўйишни сўрашга чақираман”, дейди Басурин.
Шунингдек, у Украина фуқароларини ҳеч нимадан қўрқмасликка ва уларга қарата ўқ узилмаслигига ишонтирган.
Бироқ медиа маконида тарқалган видеолардан турар-жой бинолари ҳам ракеталар зарбаларига учраётганини кўриш мумкин.
Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари махсус ҳарбий операция бошлаганини эълон қилганди. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Сўнгра, Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди.
Украина ИИВ маслаҳатчиси эса Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирилганини маълум қилди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кирганини маълум қилди.
ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев эса Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
LiveБарчаси