Мадрид дербисида “қироллик клуби”нинг қўли баланд келди
Спорт
−
13 Март
297813 мартга ўтар кечаси Европа Чемпионлар лигаси 1/8 финал босқичи жавоб ўйинлари давом эттирилди. “Лилль”-”Боруссия”, “Арсенал”-ПСВ, “Атлетико”-“Реал”, “Астон Вилла”-“Брюгге” учрашувлари бўлиб ўтди.
“Боруссия” кейинги босқич масаласини ҳал қилди
Дортмундликлар илк ўйинда ўз уйида “Лилль”ни қабул қилиб, 1:1 ҳисобида дуранг қайд этганди. Жавоб баҳсида эса 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Шу тариқа, икки ўйин натижасига кўра “Лилль”дан 3:2 ҳисобида устун келган Дортмунд клуби чорак финалда “Барселона”га қарши майдонга тушадиган бўлди.
“Арсенал” ҳам чорак финалга йўл олди
Лондонликлар илк ўйиндаёқ масалани ҳал қилганди. Клуб Нидерландияда ўтган баҳсда йирик 7:1 ҳисобида ғалаба қозонганди. Лондондаги ўйин расмиятчилик учун ўтиши тайин эди. Аммо шунда ҳам “Арсенал” яхшигина қаршилик кўрсатди. Жавоб ўйини 2:2 ҳисобида тугади ва икки ўйин натижасига кўра “Арсенал” чорак финалга йўл олди. Энди Артета қўл остидаги жамоа ушбу босқичда Мадриднинг “Реал”ига қарши ўйнайди.
Мадрид дербисида “қироллик клуби”нинг қўли баланд келди
Ушбу жамоалар ўртасидаги илк ўйинда 2:1 ҳисобида Анчелотти шогирдларининг қўли баланд келган эди. “Атлетико” ва “Реал” жавоб ўйинида мухлисларни зериктириб қўймади. Илк дақиқадаёқ “матрасчилар” ҳимоячиси Коннор Галлахер ҳисобни очди ва жамоасини олдинга олиб чиқди. Иккинчи таймда мезбонлар даврозаси томон пенальти белгиланди ва ушбу 11 метрлик жарима зарбасини кутилмаганда Винисиус голга айлантира олмади. Ҳисоб ўйин якунига қадар ўзгармади. Экстра-таймларда ҳам вазият ўзгаришсиз қолди. Пенальтилар сериясида эса омад “Реал”га кулиб боқди ва жамоа 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Шу тариқа, “қироллик клуби” чорак финалга йўл олди. Эндиликда Анчелотти шогирдлари ушбу босқичда Лондоннинг “Арсенал”ига қарши майдонга тушади.
“Астон Вилла” қийинчиликсиз чорак финалда
Бирмингемликлар ўз уйида “Брюгге”ни аяб ўтирмади ва йирик 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ушбу ўйинда мезбонлар вингери Асенсио дубль қайд этган бўлса, яна бир гол Маатсен ҳисобига ёзилди. Илк учрашувда “Астон Вилла” 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Икки ўйин натижаси 6:1 ва “Астон Вилла” чорак финалда. Энди клуб ушбу босқичда ПСЖга қарши майдонга тушади.
Чорак финал жуфтликлари билан танишинг:
“Реал Мадрид” - “Арсенал”;
ПСЖ - “Астон Вилла”;
“Барселона” - “Боруссия”;
“Интер“ - “Бавария”.
Маълумот ўрнида, чорак финал дастлабки ўйинлари 9-10 апрель кунлари, жавоб баҳслари эса 16-17 апрель кунлари бўлиб ўтади.