Маданият вазирлиги боғча опа эмас – Назарбеков айрим санъаткорларнинг хурмача қилиқлари ҳақида
Маданият-санъат
−
11 Март
32546Маданият вазирлиги айрим санъаткорларнинг хурмача қилиқлари бўйича тавсиявий профилактикани амалга ошириши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков бугун, 11 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўз очди.
Вазирга санъат вакилларининг номақбул ҳаракатлари кузатилаётгани ва бунга чора кўрадиган ташкилот бор-йўқлиги ва уларни тийиб қўйиш Маданият вазирлигининг ваколатига кириш-кирмаслиги ҳақида савол билан мурожаат қилинган.
“Албатта, бу мавзу тренддан тушмайди. Бироқ, бир нарсани яхши тушунишимиз керакки, биз демократик жамиятда яшаяпмиз. Маданият вазирлиги ҳар бир нотўғри гапирганда, қайтарадиган боғча опа эмас. Сизлар 40-50 ёшли одамлар ҳақида гапиряпсизлар. У одамларга маънавиятдан, одобдан гапиришнинг ўзи қанчалик мантиқли. 50 ёш одамга боғчада гапирадиган, мактабда ўргатадиган нарсалар билан вазир шуғулланиши керакми? Нима деб ўйлайсиз? Унинг ҳунари эркин жамиятдаги нормаларга тўғри келадими йўқми, шунга ҳам қараш керак”, дейди Назарбеков.
Назарбековнинг айтишича, вазирликнинг доимий тавсиявий характердаги профилактикаси мавжуд.
“Ҳеч ким индамайди, Маданият вазирлиги ўтирибди, десанглар хато қиласизлар. Мана шундай хурмача қилиқлар чиқиши билан реакция билдирамиз. Ҳолат содир бўлиши билан ўша одамнинг ўзи билан гаплашамиз, огоҳлантириш берамиз. Интернетда бўлаётган бирорта воқеа шундай ўтиб кетмайди”, дейди вазир.
Назарбеков чора кўриш нуқтаи назаридан айтганда, иккинчи томон ҳам акс-садо беришини урғулади. Унинг айтишича, кўп ҳолларда иккинчи томон вазиятга либерал қараб, қандайдир чора кўрилишига норози бўлади.
“Маънавият тушунчаси ички маданиятга боғлиқ нарса. Бу ҳар бир инсоннинг ички маданиятига боғлиқ. Маънавият чегарасини ҳамма ҳар хил кўради. Кимдир сизга ёқмаётган ҳунарини маънавият деб ўйлаяпти. Лекин буни аниқ чегараси ҳам йўқ. Ҳаммада бир хил чегара эмас ва у чегарани бузмаслик керак. Ҳар бир одамни ички, инсоний маданиятига боғлиқ бўлган жуда кўп масалалар бор. Шундай бўлса ҳам, Маданият вазирлиги ҳеч қачон томошабин бўлиб тургани йўқ”, дея таъкидлайди Назарбеков.