Лукашенконинг мухолифларига қарши йирик жиноий иш очилди
Олам
−
08 Октябрь
5493Беларусь Тергов қўмитаси Александр Лукашенконинг мухолифларига қарши янги йирик жиноий иш очди. Бу ҳақда бугун, 8 октябрь куни қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Гумонланувчилар рўйхатида 45 киши бор. Улар 2025 йилда Беларусдаги сайловларни бузиш режасини ишлаб чиқишга уринишда айбланмоқда.
Иш жорий йилнинг август ойида Литва пойтахти Вильнюсда бўлиб ўтган “Янги Беларусь” конференциясида Беларусь демократик кучлари томонидан қабул қилинган “Платформа - 2025” ҳужжати юзасидан қўзғатилган.
Ҳужжатда қайд этилишича, Лукашенко “жиноий равишда ҳокимиятни сақлаб қолган, Беларусь давлат тузилмалари сайловлар ўтказиш учун қонуний эмас ва “Платформа 2025”нинг асосий вазифалари сиёсий маҳбусларни озод қилиш ва Беларусдаги репрессияларни тугатиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришдан иборатдир”.
“Платформа 2025” конституциявий тузумга тажовуз қилиш, ички ишларга четдан аралашиш, мамлакатимизнинг миллий манфаатларига зид сиёсий йўналишни жорий этиш, ахборотга бузғунчи таъсир кўрсатиш, сайловолди ташвиқотини обрўсизлантириш ёки бузиш, кескинлик ва қарама-қаршиликни кучайтириш мақсадида яратилган”, деб даъво қилмоқда қўмита.
Тергов маълумотларига кўра, тадбирлар Беларусь Республикасининг халқаро майдондаги обрўсига путур етказиш учун уюштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Литва ҳукумати Александр Лукашенко томонидан беларусларга қарши содир этилган жиноятларни тергов қилиш учун материалларни Гаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС) прокурорига расман топширганди. Расмий Вильнюсга кўра, 2020 йил 1 майдан шу кунгача Беларуснинг юқори лавозимли сиёсатчилари ва ҳарбий амалдорлари кўрсатмаси билан Беларуснинг тинч аҳолисига қарши инсониятга қарши жиноятлар, жумладан депортациялар, таъқиблар ва бошқа ғайриинсоний ҳаракатлар содир этилди, деб ҳисоблаш учун асослар мавжуд.
Болтиқбўйи мамлакати расмийлари, шунингдек, ушбу жиноятларнинг элементлари Беларусь томонидан Литва ҳудудида содир этилганлигини, бунинг натижасида бундай жиноятлар ХЖС юрисдикциясига кирганлигини таъкидлади.
Литванинг ХЖСга шикоят қилиш қарори Беларусь мухолифати томонидан олқишланганди.
LiveБарчаси