Лукашенконинг ими-жимида ўтган қасамёдидан кейин яна намойишлар бошланди (фоторепортаж)
Олам
−
24 Сентябрь 2020
16812Хабарингиз бор, кеча, 23 сентябрь куни Александр Лукашенко ими-жимида инаугурация маросимини ўтказиб олди. Бунга жавобан мамлакат пойтахти Минск ва бошқа шаҳарларда яна норозилик намойишлари авж олди.
Минск марказида хавфсизлик кучлари "Минск - Қаҳрамон шаҳар" стеласи яқинидаги намойишчиларни тарқатиш учун сув пуркагичлардан фойдаланган. Намойишчилар орасида ҳибсга олинганлар ҳам бор.
Ярим тундан кейин хавфсизлик кучлари аксарият намойишчиларни шаҳарнинг марказий кварталидан ҳайдаб чиқаришга муваффақ бўлган. У ерда бир неча минг намойишчилар майдонларни эгаллаб олишга, йўлларни тўсишга, транспорт воситаларини тўхтатишга ва бирдамлик занжири деб номланган қаторга саф тортишга ҳаракат қилишган.
Беларусда рўйхатдан ўтмаган Виасна инсон ҳуқуқлари марказининг маълумотларига кўра, намойишлар давом этаётган вақтнинг ўзида 200 киши ҳибсга олинган. Бироқ Минск полиция бошқармаси ҳали аниқ рақамларни келтирмаган. Шаҳар полиция бошқармаси матбуот котиби Наталья Ганусевичнинг айтишича, “ҳибсга олишлар ҳали ҳам давом этмоқда”.
ТАСС мухбирининг сўзларига кўра, вақти-вақти билан пойтахтнинг турли жойларида отишма ва шовқинли гранаталар портлашларига ўхшаш повозлар эшитилган. Бироқ, Минск полиция бошқармаси матбуот котиби Ганусевичнинг айтишича, полиция "фақат сув пуркагичлардан фойдаланган".
Александр Лукашенко расман Беларусь Президенти лавозимини эгаллади. Унинг инаугурацияси Мустақиллик саройининг тантаналар залида бўлиб ўтди. Тадбирга жами 700 га яқин меҳмон – юқори лавозимли расмийлар, парламент аъзолари, давлат органлари раҳбарлари, маҳаллий ижроия ва маъмурий органлар, республика оммавий ахборот воситалари, олимлар, маданият ва спорт вакиллари таклиф этилди.
Жорий йилнинг 9 август куни президент сайловлари бўлиб ўтган Беларусда бир ойдан кўпроқ вақт давомида овоз бериш натижаларига нисбатан оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди.
Дастлабки кунларда намойишлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ўртасида тўқнашувлар кузатилди. Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, 6 мингдан ортиқ одам ҳибсга олинган, бир неча ўнлаб ҳуқуқ-тартибот ходимлари ва намойишчилар жароҳат олган.
МСК маълумотларига кўра, сайловда Александр Лукашенко 80,1 фоиз билан ғалаба қозонган.
Унинг асосий рақиби Светлана Тихановская 10,1 фоиз билан иккинчи ўринни эгаллаган.
Александр Лукашенко 1994 йилдан бери Беларусь Президенти бўлиб келмоқда. У 2001, 2006, 2010, 2015 ва 2020 йилларда ўтган сайловларда ҳам ғалаба қилган.
LiveБарчаси