Лукашенко яна қасамёд қилди. Инаугурация куни сир тутилганди
Олам
−
23 Сентябрь 2020
8088Александр Лукашенко расмий равишда Беларусь Республикаси Президенти лавозимига киришди. Бугун, 23 сентябрь куни Минскдаги Мустақиллик саройи – давлат раҳбарининг расмий қароргоҳида Инаугурация маросими бўлиб ўтди.
Мамлакат конституциясига мувофиқ, Лукашенко халққа Беларусь тилида қасамёд қилди ва тегишли ҳужжатни имзолади. Унга президентлик гувоҳномасини МСК раҳбари Лидия Ёрмошина топширди.
Сўнгги лаҳзага қадар Беларусь расмийлари инаугурациянинг расмий санасини маълум қилмаган эдилар. Қонунга кўра, янги президент сайловларнинг расмий натижалари эълон қилинганидан кейин икки ойдан кечиктирмай ўз лавозимига киришиши керак. Бу йил ушбу муддат 9 октябрда тугайди.
БелТАнинг қайд этишича, инаугурация маросимида бир неча юз киши иштирок этган: юқори лавозимли шахслар, Вакиллар Палатаси депутатлари ва Республика Кенгаши аъзолари, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари, олимлар, маданият ва спорт арбоблари.
РБКнинг ёзишича, 2015 йилда Лукашенконинг инаугурациясида 1000 га яқин одам қатнашган: Ҳукумат аъзолари, депутатлар, чет эллик меҳмонлар. Шунингдек, меҳмонлар қаторида Россия Федерацияси Коммунистик партиясининг раҳбари Геннадий Зюганов ва Украинанинг собиқ Президенти Леонид Кучма ҳам бор эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 августида Беларусда навбатдаги президентлик сайлови ўтказилди. Унда 26 йилдан бери мамлакатни бошқариб келаётган Александр Лукашенко ҳам иштирок этиб, 80 фоиздан ортиқ овоз тўплаб, ғалаба қозонди.
9 август куни Беларусда ўтказилган президентлик сайловининг натижалари эълон қилинганидан сўнг, Минскда намойишлар бошланди. Одамлар Лукашенкодан истеъфога чиқишини талаб қилди. Ҳукумат намойишчиларга қарши ОМОН бўлинмасини ишга солди. Икки ўртада тўқнашувлар ҳам бўлди.