Лондонлик бемор: Дунёда иккинчи одам ОИВдан даволанди

Олам

image

Лондонлик бемор ОИВ-вирусидан қутулишга муваффақ бўлган тарихдаги иккинчи одам бўлди. Лондоннинг Университет ва Империя коллежи мутахассислари беморнинг Ходжкин лимфомасини даволашда донорнинг ноёб ирсий мутацияли асос ҳужайраларидан фойдаланган. Бу ҳақда БМТ Янгиликлар маркази хабар берди.

“ОИВга даво топиш бизнинг орзуимиз. Бу жуда қийин ва ҳали кўп иш олдинда эканлигига қарамасдан, бу келажакда вакцина ёки даволаш орқали ОИТСни йўқ қилиш мумкинлигига умид беради”, деган БМТнинг ОИВ ва ОИТС бўйича бирлашган дастури ижрочи директори Мишель Сидибе.

Мишель Сидибенинг сўзларига кўра, мақсадга эришиш учун ҳали анча ҳаракат қилиш керак.

“Ҳозир профилактика ва даволашга эътиборни кучайтириш фавқулодда муҳим. Асос ҳужайраларни кўчириб ўтказиш жуда қийин ва қиммат ҳамда қатор салбий оқибатларга эга жараён. Айни вақтда барча ОИВ билан заҳарланганларга ҳужайра ўтказишнинг имкони йўқ. Бироқ лондонлик беморнинг даво топиши ОИТС муаммоси билан шуғулланаётган тадқиқотчиларга янги имкониятлар очади”, деган Мишель Сидибе.

Коллеж мутахассисларининг таъкидлашича, ОИВ билан асос ҳужайра кўчириб ўтказиш орқали курашиш қиммат ҳамда бу усул саратонга чалинмаган беморларга тўғри келмайди.

Қайд этилишича, ҳозирда ОИВ билан курашнинг универсал воситаси мавжуд эмас. БМТнинг ОИВ ва ОИТС бўйича бирлашган дастури маълумотига кўра, 2017 йилда дунёда 36,9 млн нафар бемор ва 1,8 млн нафар ОИВни юқтирганлар қайд этилган. Шулардан 21,7 млн нафари даволаниш курсидан ўтган. Ўша йили миллион киши ОИВ сабаб вафот этган.


Мақола муаллифи

Теглар

ОИВ БМТ вирус

Баҳолаганлар

126

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг