Лондонда Фаластинни қўллаб намойишга чиққан 126 киши ҳибсга олинди
Олам
−
12 Ноябрь 2023
4669Кеча, 11 ноябрь куни Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳрида Фаластинга хайрихоҳ 100 минглаб одам намойишга чиқди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Маълум қилинишича, шаҳар кўчаларида секинлик билан тўплана бошлаган оломон дастлаб аҳоли тинчлигига ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмаган. Бироқ уларнинг сони ортиб боргани сари тартиб бузилиш ҳолатлари ҳам кўпайган, жумладан намойишчиларнинг баъзилари полицияга нисбатан зўравонлик қила бошлаган.
Комиссар ёрдамчиси Метт Твистга кўра, полиция кўрсатмаларини бажариш ўрнига уларга нисбатан жисмоний куч ишлатишга ҳаракат қилган 126 нафар намойишчи ҳибсга олинган.
Тўқнашув чоғида полиция ходимлари орасидан 9 киши жароҳатланган. Шунингдек, қўлга олинган қоидабузарлар тинтув қилинганда уларнинг ёнидан бир қатор совуқ қуроллар, жумладан, пичоқ, таёқ ва А синфидаги гиёҳванд моддалар топилган.
“Metropolitan police”нинг хабар беришича, кеча пойтахтга 300 минг нафарга яқин одам йиғилган, тадбир ташкилотчилари эса уларнинг сони ҳали 800 мингга яқинлашиши ва бу Британия тарихидаги энг йирик намойишлардан бири бўлишини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, Европа пойтахтларида (баъзиларида ҳукумат тақиқлаганига қарамай) оммавий намойишлар бўлиб ўтмоқда. Унинг иштирокчилари Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва фаластинлик қочқинлар учун гуманитар йўлак очишни талаб қилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 28 октябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида ҳам Фаластинни қўлловчи митинг бўлиб ўтди. Унда ҳатто мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам қатнашди.
Шунингдек, 29 октябрь куни Тошкентда ҳам Фаластинни қўллаб-қувватлаш бўйича рухсат этилмаган митинг ўтказиш ва унда қатнашишни режалаштирган фуқаролар Амир Темур хиёбонига тўпланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь