Тошкентда митинг қилишга уриниш бўлди
Жамият
−
30 Октябрь 2023
98487Кеча, 29 октябрь куни Тошкентда Фаластинни қўллаб-қувватлаш бўйича рухсат этилмаган митинг ўтказиш ва унда қатнашишни режалаштирган фуқаролар Амир Темур хиёбонига тўпланди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси маълум қилди.
Бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда митингга чақирувлар пайдо бўлган. Тармоқларда тарқалган баннерларда Амир Темур ҳайкали ва унинг атрофида йиғилган, қўлларига Ўзбекистон ва Фаластин байроқларини кўтариб олган оломон тасвирланган. Унда “Фаластин билан елкама-елка”, “15 сутка мени қўрқитмайди” ва “Кўпчилик бўлсак, бизни эшитишади” деган ёзувлар бўлган.
QALAMPIR.UZ маълумотларига кўра, Амир Темур хиёбонида 29 октябрь куни соат 14:00 лар атрофида одамлар йиғила бошлаган. Ҳудудга етиб борган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари тўпланганларга Ўзбекистон қонунчилигида рухсат этилмаган митинг ўтказиш жавобгарликка сабаб бўлишини тушунтирган. Шундан сўнг кўпчилик у ерни тарк этган.
Бизга берилган маълумотларга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг талабини бажармаган 5-6 киши тегишли органларга олиб кетилган. Ўзбекистондаги бошқа маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, қўлга олиб кетилганлар 100 дан ортиқ.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 201-моддасига кўра, йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 бараваридан 80 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик тадбир ташкилотчиси томонидан маъмурий жазо қўлланганидан кейин яна содир этилган бўлса, жиноий жавобгарликка сабаб бўлиб, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15