Лола Каримова отасининг қабрини зиёрат қилиш учун Ўзбекистонга келди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляева отасининг қабрини зиёрат қилиш учун Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда у ўзининг Instagram’даги саҳифасида маълум қилди.

Лола Каримова-Тилляева Самарқандга борди ва Ҳазрати Ҳизр мажмуасида бўлиб, Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилди.

У айни вақтда ҳам Самарқандда бўлиб турибди. Буни Instagram’даги саҳифасида эълон қилган сторисларидан ҳам кўриш мумкин. Лола Каримова-Тилляева отаси яшаган ҳовлидан нонушта қилгани ва Регистон мажмуасига боргани акс этган видеоларни ўз саҳифасида эълон қилди.

Қайд этиш жоизки, Лола Каримова-Тилляева отасининг вафотидан сўнг, турмуш ўртоғи Тимур Тилляев ва фарзандлари билан АҚШга кўчиб ўтган. У масофадан туриб, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фондини бошқариб келади. Лола Каримова АҚШда "The Harmonist" атторлик буюмлари брендига асос солган.

Маълумот учун, Ислом Каримов 2016 йилнинг 2 сентябрь куни оғир хасталик сабаб 78 ёшида вафот этган эди. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан мазкур сана Ислом Каримовни хотирлаш куни, дея эълон қилинган. Президентнинг 2017 йил 25 январдаги қарорига мувофиқ, Биринчи Президент хотирасини абадийлаштириш бўйича ишлар қилинган. Мамлакатдаги йирик мажмуалар, шаҳарлардаги марказий кўчаларга Ислом Каримов номи берилган. Тошкентда Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ташкил қилиниб, Самарқандда мақбара барпо этилган эди.

Эслатиб ўтамиз, 26 август куни Самарқандга ташрифи чоғида Президент Шавкат Мирзиёев Ҳазрати Ҳизр мажмуасида ҳам бўлиб, мамлакатнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбарасига гул қўйганди. Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо ўқилганди. Бугун Ўзбекистоннинг собиқ биринчи хоними Татьяна Каримова ҳам Биринчи Президент Ислом Каримовнинг хотирасини ёд этиб, унинг қабрига гул қўйди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев, Татьяна Каримова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, жамоатчилик вакиллари Тошкент шаҳридаги Биринчи Президент ҳайкалига гуллар қўйди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ислом Каримов Лола Каримова-Тилляева

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made