Мирзиёев Биринчи Президент ҳайкали пойига гулчамбар қўйди
Жамият
−
02 Сентябрь
5860Бугун, 2 сентябрь куни давлат ташкилотлари вакиллари, Тошкент шаҳри жамоатчилиги Ислом Каримовни ёд этиш учун йиғилди. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев бу ерга ташриф буюриб, Биринчи Президент ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ислом Каримов мамлакат мустақиллигини эълон қилган ва уни тараққиёт йўлига олиб чиққан етакчидир. Мирзиёев Мустақиллик байрамидаги нутқида бунинг тарихий аҳамиятини алоҳида таъкидлаган:
"Айнан мустақиллик туфайли миллий давлатчилигимиз қайта тикланди. Ўзбекистон янги тарихий даврга қадам қўйди. Айнан истиқлол туфайли жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгалладик".
Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида Қуръон тиловат қилинди. Биринчи Президентнинг Ўзбекистонда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, аҳоли турмушини яхшилаш борасидаги хизматлари ёдга олинди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, жамоатчилик вакиллари ҳам Биринчи Президент ҳайкалига гуллар қўйди.
Хотира тадбирлари Самарқанд ва Қарши шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди.
Маълумот учун, Ислом Каримов 2016 йилнинг 2 сентябрь куни оғир хасталик сабаб 78 ёшида вафот этган эди. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан мазкур сана Ислом Каримовни хотирлаш куни, дея эълон қилинган. Президентнинг 2017 йил 25 январдаги қарорига мувофиқ, Биринчи Президент хотирасини абадийлаштириш бўйича ишлар қилинган. Мамлакатдаги йирик мажмуалар, шаҳарлардаги марказий кўчаларга Ислом Каримов номи берилган. Тошкентда Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ташкил қилиниб, Самарқандда мақбара барпо этилган эди.
Эслатиб ўтамиз, 26 август куни Самарқандга ташрифи чоғида Президент Шавкат Мирзиёев Ҳазрати Ҳизр мажмуасида ҳам бўлиб, мамлакатнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбарасига гул қўйганди. Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо ўқилганди. Бугун Ўзбекистоннинг собиқ биринчи хоними Татьяна Каримова ҳам Биринчи Президент Ислом Каримовнинг хотирасини ёд этиб, унинг қабрига гул қўйди.
LiveБарчаси