“Локомотив” матбуот хизмати сабаб жаримага тортилди
Спорт
−
08 Ноябрь
1851Тошкентнинг “Локомотив” ва Самарқанднинг “Динамо” жамоалари ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати 24-туридан ўрин олган ўйинда “темирйўлчилар”нинг матбуот хизмати ўз саҳифасида учрашув расмийларига нисбатан очиқдан-очиқ ноҳақ фикрлар билдиргани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ) матбуот хизмати хабар берди.
Манбага кўра, сафарда баҳс олиб борган “Локомотив” жамоасининг ўйини баҳс давомида Telegram мессенжери орқали матнли трансляция қилиб борилган ва унда ўйин расмийларига нисбатан ноўрин гаплар ишлатилган.
“Суперлига ва Пролига регламенти”да ҳакамликка нисбатан эътироз билдириш тартиби учун алоҳида боб ажратилган бўлиб, унда бу иш қандай амалга оширилиши батафсил тушунтирилган. Шунга қарамай “Локомотив” клуби ҳакамлик юзасидан ҳеч қандай расмий шикоят киритмаган. Бундан кўринадики, клуб матбуот хизмати ҳамда клуб раҳбариятининг ўйин юзасидан позицияси бир-биридан фарқ қилади.
Суперлига беллашуви жонли телетрансляция қилинади ва уни такрорий лавҳалар ёрдамида кузатиш имконияти мавжуд. Шунингдек, мазкур мусобақанинг ҳар бир учрашувида VAR тизимидан фойдаланиб келинмоқда. “Динамо” - “Локомотив” учрашувида VAR узилишларсиз фаолият олиб борган бўлиб, ундаги барча деталлар назорат остида бўлган.
“Лига томонидан ўтказиладиган тадбирлар ва мусобақаларда ишловчи ОАВ вакиллари учун медиа йўриқнома”нинг 2.2 бандида клуб матбуот котиби расмий саҳифаларда эълон қилинган материаллар учун жавобгар эканлиги белгиланган. Лига “Локомотив” матбуот хизматининг хатти-ҳаракатлари юқорида кўрсатилган ҳар икки регламентга зид эканлигидан келиб чиқиб, клубга нисбатан жарима интизом чораси кўрилишини маълум қилади. Келгусида бу каби ҳолат такрорланса, матбуот котибига берилган Лига лицензияси қайтариб олинади ҳамда жамоа учун бошқа котибни Лига рўйхатидан ўтказиш талаб этилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь