Ливияда қуролли гуруҳлар ўртасида тўқнашув юз берди
Олам
−
16 Август 2023
2622Ливия пойтахти Триполида қуролли гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар бўлди. Шаҳар чеккасида, жумладан, Айн Зарда отишма ва портлаш овозлари эшитилди. Бу ҳақда “Al-Marsad” газетаси хабар берди.
Тўқнашув Ливия миллий бирлик ҳукуматига бўйсунувчи 444-бригада ва “Тўхтатувчи куч” (RADA) ўртасида содир бўлган. Ливия матбуотига кўра, 14 август куни RADA ҳарбийлари Триполидаги Митига аэропортида 444-бригада қўмондони Маҳмуд Ҳамзани қўлга олган.
Шундан сўнг Триполининг жанубий чеккасида тўқнашувлар бошланган. Оқибатда 27 киши ҳалок бўлган ва 160 киши жароҳат олган. Ливия миллий бирлик ҳукумати тўқнашувлар юз берган ҳудудларда фавқулодда ҳолат эълон қилган ва Триполининг жанубий чеккасига зирҳли техника ва оғир артиллерия жўнатган. Ливия парламенти “ноаниқ шароитда ўғирлаб кетилган” аскарни зудлик билан озод қилишни талаб қилган. Кеча, 15 август куни Миллий бирлик ҳукумати (МБҲ) Маҳмуд Ҳамзани нейтрал томонга ўтказиш бўйича келишувга эришган.
Маълумот учун, бугунги кунга қадар Ливияда бир-бирини тан олмайдиган иккита ҳукумат мавжуд – БМТ томонидан қўллаб-қувватланадиган, Абдулҳамид Дбейба бошчилигидаги Миллий бирлик ҳукумати ва иккинчиси, Уман Ҳамад бошчилигидаги Вакиллар палатаси томонидан тузилган вазирлар маҳкамаси. Ливия 2011 йилда Муаммар Каддафий ўлдирилганидан буён бирлашган давлат сифатида фаолиятини тўхтатган. БМТ томонидан Женева келишувларидан кейин белгиланган ўтиш даври ўтган йилнинг 22 июнида тугади, унинг охирига қадар Ливияда сайланган президент ва парламент пайдо бўлиши керак эди. Бироқ 2021 йилнинг декабрига белгиланган сайловлар зарур конституциявий асос йўқлиги сабабли бекор қилинган.
LiveБарчаси