Литва Украинага Европа қўшинларини киритишни таклиф қилди
Олам
−
21 Октябрь
3602Литва Ташқи ишлар вазири Габриэлюс Ландсбергис Россия Шимолий Корея аскарларини урушда иштирок этиш учун жалб қилганидан сўнг, Украинанинг Ғарб иттифоқчиларини ҳам қўшин юбориш ғоясига қайтишлари кераклигини айтди. Бу ҳақда вазир ўзининг Х’даги саҳифасида маълум қилди.
“Йил бошида Франция Президенти Эммануэль Макрон қўшин юбориш имкониятига ишора қилган эди. Йил охирида эса Шимолий Корея буни амалга оширди… Макроннинг ғояларини қайта кўриб чиқиш керак, кеч бўлса ҳам”, деб ёзди у Х’да.
Ландсбергис “Politico” нашрига ҳам шунга ўхшаш изоҳ берган. Унинг сўзларига кўра, агар Россия армияси Шимолий Корея аскарларини жалб қилгани ҳақидаги маълумот тасдиқланса, НАТО давлатлари Украинага қўшин юбориш имкониятини ва Макроннинг бошқа ғояларини қайта кўриб чиқиши мумкин.
Маълумот ўрнида, жорий йил бошида Франция Президенти Эммануэль Макрон агар Россия фронтни ёриб ўтса, Ғарб қўшинлари Киевга ёрдам бериш учун сафарбар этилиши мумкинлигини айтган. У, шунингдек, Украина ҳудудига ўқув миссияси юбориш истагида бўлган давлатлар коалициясини яратишни таклиф қилган. Литва ва Эстония ушбу тузилма таркибига киришга тайёр эканини билдирган бўлса-да, бу ғоя АҚШ ва Германияда қўллаб-қувватланмаган. Натижада ташаббус катта муҳокамадан сўнг номаълум муддатга қолдирилган ва унинг тақдири ноаниқ бўлиб турган эди. Бироқ 10 октябрь куни Буюк Британиядан Украинага ҳарбий инструкторлар бориши мумкинлиги ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. “The Times” нашри манбаларига кўра, бундай қадам қироллик ҳудудида Украина аскарларини тайёрлаш жараёнида юзага келаётган баъзи логистик муаммоларни ҳал қилишга ва маблағ тежашга ёрдам беради. Украина Қуролли кучлари вакилларидан бири нашрга берган интервьюсида тайёргарлик мамлакатини ўзгартириш бошқа давлатларга ва Россияга кучли ҳарбий-сиёсий сигнал бўлишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Корея разведкаси КХДРнинг Россияга ёрдам бериш учун Украина урушига қўшилаётгани ҳақидаги маълумотларни ошкор қилган эди. Унга кўра, Шимолий Корея аллақачон 12 минг аскарни тўрт бригадага бўлган ҳолда урушга юбормоқда.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь