Литва Тихановскаяни Беларусга топширишдан бош тортди

Олам

image

Вильнюс собиқ президентликка номзод Светлана Тихановскаяни Минскга топширишдан бош тортди. Бу ҳақда Беларусь Бош прокурори Андрей Швед айтиб ўтди.

“Ҳужжатлар келди, мен Литванинг уни (Тихановская — таҳр.) экстрадиция қилишдан бош тортганини расман тасдиқлашим мумкин”, дейди Швед “Беларусь-1” телеканали эфирида.

Бош прокурорнинг қўшимча қилишича, экстрадицияни рад этишда ҳеч қандай асос йўқ. Беларусь бунинг ҳеч қандай қонуний асосларини кўрмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Литва мамлакатда ўтган йилнинг августидан буён бўлиб турган Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановскаянинг идорасига расмий дипломатик мақом берган эди. 

Маълумот ўрнида, сўнгги вақтларда Беларусда ички сиёсий мувозанат бузилган. Бунинг илдизи 2020 йилнинг август ойида мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайловларига бориб тақалади. Сайлов натижаларига кўра, 80 фоиз овоз билан Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғалаба қилди. Бироқ ушбу натижалар аҳолининг катта қисмида шубҳа уйғотди ва мухолифатнинг чақируви билан мамлакатда намойишлар бошланди. 

Бир неча ой давом этган митинг ва маршлар ҳеч қандай фойда келтирмади. Лукашенко ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолди. Мухолифат ҳамда унинг кўплаб тарафдорлари эса Польша, Литва каби Европа давлатларига қочиб кетди ва у ердан сиёсий бошпана топди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тихановская

Баҳолаганлар

65

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг