Li 9 ва BYD ўртасидаги шов-шувли автоҳалокат бўйича суд қарори эълон қилинди
3-саҳифа
−
18:50 3066 2 дақиқа
Қарийб 1 йил олдин, 2025 йилнинг 30 сентябрга ўтар кечаси Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида Lixiang L9 BYD билан тўқнашиб кетиб, даҳшатли йўл-транспорт ҳодисаси содир этганди. Ушбу йўл-транспорт ҳодисаси бўйича суд қарори эълон қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари хабар берди.
Мазкур йўл-транспорт ҳодисаси бўйича жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек судининг аввалги қарори Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясида бекор қилиниб, иш материаллари қўшимча суриштирувга юборилганди.
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек судининг қарори билан Li L9 транспорт воситаси ҳайдовчиси Ф.Ж. (2000 йилда туғилган) Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг:
- 128-3-моддасининг 4-қисмида (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 60 километрдан ортиқ катталикда ошириб юбориши);
- 133-моддасида (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши);
- 135-1-моддасининг 1-қисмида (транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонунчиликнинг талабларини бузиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддасига асосан унга узил-кесил 6 млн 180 минг сўм жарима жазоси белгиланган.
Ҳуқуқбузар томонидан жабрланувчига етказилган моддий зарар қопланган. Бундан ташқари, манфаатдор томонга мазкур ЙТҲ оқибатида етказилган бошқа моддий ва маънавий зарарларни ундириш масаласида фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи ҳамда (тарафларга) суд қарорига нисбатан шикоят бериш тартиби ва муддатлари тушунтирилган.
Маълумот учун, аввалги суд қарори билан BYD ҳайдовчисига 2 млн 60 минг сўм жарима қўлланилган эди. Бундан ташқари, ундан Li 9 ҳайдовчиси фойдасига 798 млн сўм моддий зарар ундириш белгиланганди. Li 9 ҳайдовчиси эса суғурта полисини олиб юрмагани учун бор-йўғи 206 минг сўм жаримага тортилган. Суднинг ушбу қарори тармоқларда кескин норозиликларга сабаб бўлди ва Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясида суд қарори бекор қилиниб, иш материаллари қўшимча суриштирувга юборилган эди.
Live
Барчаси