ЛГБТ фаоли Миразиз Бозоровга нисбатан жиноий иш қўзғатилди
Жамият
−
30 Апрель 2021
16891Тошкент шаҳрида ЛГБТ фаолиятининг тарғиби билан шуғулланган Миразиз Бозоровга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 1 апрель кунидан 20 апрелга қадар Тошкент шаҳар ИИББга фуқаролардан 28 та ариза келиб тушган бўлиб, унда Миразиз Бозоров интернетда жойлаган видеоларида ушбу фуқароларни ва уларнинг қариндошларини ҳақорат қилгани, уларни террористик ташкилотлар билан ҳамкорликда айблаб тухмат қилгани, миллий анъаналарни оёқ ости қилиб, аёлларнинг шаънига путур етказаётгани ҳамда миллатлараро низо уйғотаётгани сабабли унга нисбатан қонуний чора кўришни талаб қилган.
Шунингдек, Миробод тумани 110-сон умумтаълим ўрта мактаби ўқитувчиларидан жамоавий ариза келиб тушган бўлиб, унда Интернет тармоғидаги медиамаконларда мазкур мактаб ўқитувчиларининг касбий ва шахсий сифатлари ҳақида ҳақоратли маълумотлар тарқатгани ва шу билан уларнинг обрўсини топтагани учун Миразиз Бозоровга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Мазкур аризалар бўйича терговга қадар текширув ўтказилиб, тегишли комплексли экспертиза тайинланган.
Ўзбекистонда бесоқолбозлик расман қонун билан тақиқланган. Ушбу жиноятни содир этганлар Жиноят кодексининг 120-моддаси (бесоқолбозлик) билан жиноий жавобгарликка тортилиши белгилаб қўйилган. Аввалроқ Ўзбекистонда бесоқолбозлиги учун қамалганлар қанчалиги очиқланган эди.
Аввалроқ, Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти расмий Тошкентга мамлакат Жиноят кодексидан 120-модда – бесоқолбозликни чиқариб ташлаш ва жиноий жавобгарликни бекор қилишни сўраб мурожаат билан чиққанди.
Шундан сўнг, бу масала кун тартибига чиқди ва айни вақтда кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилиняпти. Бесоқолбозлик бўйича Human Rights Watch сўровига депутат Расул Кушербоев ва Ислом цивилизацияси маркази Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош мутахассиси Аброр Мухтор Алий, таниқли олим Мубашшир Аҳмад ҳам муносабат билдирди. Улар бесоқолбозликка оид модданинг жиноят кодексидан чиқариб юборилиши ҳам сиёсий, ҳам диний йўқотишларга сабаб бўлишини урғулаганди.
Жорий йилнинг 28 март куни Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида мамлакатда бесоқолбозликни қўллаб-қувватлаётган шахслар ва уларнинг ғояларига қарши намойиш ўтказилди.
Кейинчалик Тошкент шаҳар ИИББ “Сквер”даги намойишда 12 киши ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.
Шунингдек, Ўзбекистонда ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган Миразиз Бозоров ўласи қилиб дўппосланди.
Шундан сўнг АҚШ элчиси Бозоровнинг дўппосланишини суриштиришни сўради. Унинг ортидан Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Тим Торлот Тошкентда бесоқолбозлик – ЛГБТ ғояларини ҳимоя қилиб келаётган блогер Миразиз Бозоровнинг калтакланганига муносабат билдирди.
Хорижлик дипломатларнинг муносабатидан кейин Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов халқаро ташкилотларга мурожаат йўллаб, ҳар қандай давлатга бирор талаб қўйишдан олдин миллатнинг менталитети, дини, маданияти, урф-одатларини инобатга олиши кераклигини таъкидлади.
LiveБарчаси