АҚШ элчиси Бозоровнинг дўппосланишини суриштиришни сўрамоқда
Жамият
−
30 Март 2021
28745Жорий йилнинг 28 март куни ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келаётган блогер Миразиз Бозоров уйи олдида дўппослангани ва оғир тан жароҳати олгани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистонда муттасил равишда бесоқолбозликни тарғиб қилиш ва уни қонунийлаштиришга уриниб келган блогернинг калтакланишига Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Даниэль Розенблюм муносабат билдирди.
“Ўтган якшанбада Тошкент кўчаларида зўравонликни кўриш жуда хавотирли. Ўзбекистон ҳукуматини ЛГБТни қўллаш фикрини билдирган блогер Миразиз Бозоровнинг калтакланишини суриштиришга чақираман”, деган элчи Розенблюм.
Эслатиб ўтамиз, Ички ишлар вазирлиги ноанъанавий жинсий қарашларга эга шахслар томонидан оммавий намойишлар ўтказиш бўйича чақириқ билан чиққан Миразиз Бозоров ташқи кучлар томонидан қўллаб-қувватланаётганини айтиб чиқди.
Бундан бир неча кун аввал блогер Миразиз Бозоров ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали ҳар ҳафтанинг жума куни ЛГБТ тарафдорлари Тошкентнинг “Ҳазрати имом” мажмуаси майдонида тўпланишига чақириқ билан чиқди. Орадан кўп ўтмай, унинг 28 март куни Амир Темур хиёбонида тўпланиш таклифини билдирган мурожаати пайдо бўлди. Мурожаат ортидан майдонга бесоқолбозлик – ЛГБТга қарши бўлган жамоатчилик вакиллари йиғилди. Тартибга солинмаган намойишларда юзага келган ҳолат сабаб 12 киши қўлга олинди. Уларга нисбатан жиноий иш очилди. Айни вақтда ўзбекистонлик расмийлар ва жамоатчилик одамларни вазиятга оғир-босиқлик билан муносабатда бўлиш, масалани ўта конструктив музокара йўли билан ҳал қилишга ундамоқда.
Ўзбекистонда бесоқолбозлик масаласи Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти расмий Тошкентга мамлакат Жиноят кодексидан 120-модда – бесоқолбозликни чиқариб ташлаш ва жиноий жавобгарликни бекор қилишни сўраб мурожаат йўллаганидан сўнг кун тартибига чиқди.
Айни вақтгача бесоқолбозлик бўйича Human Rights Watch сўровига депутатлар Расул Кушербоев, Алишер Қодиров ва Ислом цивилизацияси маркази Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош мутахассиси Аброр Мухтор Алий, таниқли олим Мубашшир Аҳмад ҳам муносабат билдирди. Улар бесоқолбозликка оид модданинг жиноят кодексидан чиқариб юборилиши ҳам сиёсий, ҳам диний йўқотишларга сабаб бўлишини урғулаган.