Лавров АҚШ ва Туркияга Украинани қўлламасликни тавсия қилди

Олам 8273
image

АҚШ ҳарбий кемаларининг Қора денгизга кириши ўзи билан тажовузкорликни ҳам олиб келади. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров айтиб ўтди.

Россия ТИВ раҳбарига кўра, Москва Вашингтоннинг Украинадаги мақсадларини тушунмаяпти.

Аввалроқ, Анқара Вашингтоннинг икки ҳарбий кемаси Босфор орқали Қора денгизга ўтиши тўғрисида хабар берганди. Ушбу кемалар Қора денгизда 14-15 апрелдан 4-5 майгача қолиши айтилмоқда. 

Лавров, шунингдек, Украинани қўллаб-қувватлаётган бошқа бир давлат – Туркияни Киевнинг милитаристик кайфиятни кучайтиришидан огоҳлантирган.

“Туркия, шу жумладан бошқа давлатларга ҳам Киев режимининг узлуксиз жангари баёнотлари ҳамда умумий вазиятни таҳлил қилишни ва Украинанинг милитаристик кайфиятини қуллаб-қувватламасликни қатъий тавсия қиламиз”, дейди Лавров.

Эслатиб ўтамиз, Украина Президенти 10 апрель куни Туркияга ташриф буюрди. Музокаралар доирасида ҳарбий ҳамкорлик ҳам муҳокама қилинган.

Зеленский билан музокаралардан сўнг, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Туркия ва Украинанинг мудофаа саноати соҳасида ҳамкорлиги бошқа мамлакатларга қарши йўналтирилмаганини айтган.

Шу билан бирга, Эрдўған Қримни Россиянинг ҳудуди деб тан олмаслиги ҳамда Украинанинг НАТОга киришини қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 446
Рейтинг: 2.9
t
×