Кушербоев тўйларни буткул чеклашни, эмлашни эса мажбурийлаштиришни таклиф қиляпти
Жамият
−
06 Июль 2021
13866Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакцина олишни ихтиёрийдан мажбурий шаклга ўтказиш ва тўй ўтказишни буткул чеклаш керак. Бу таклифни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев билдирмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан жорий йилнинг 28 июнидан эътиборан карантин чоралари бироз кучайтирилди. Депутат Расул Кушербоевга кўра, “карантин бўйича қўшимча чекловларнинг заиф томони шундаки, бу амалда катта натижа бермай, аксинча, аҳолининг ҳукумат ва ҳуқуқ тартибот идоралари ходимларига нисбатан норозилигини ошириши мумкин”.
Унинг қайд этишича, мамлакатда тўй ва маърака ўтказишда казо-казоларнинг ўзи ҳам карантин чекловларига амал қилмайди.
“Чунки биринчидан, бунга амалда риоя этилишини тўлиқ назорат қилиш механизми йўқ. Сабаби амалда биз "зўр"лар тўй ва маърака ўтказишда одам сони чекланишига риоя қилмаганлигига кўп гувоҳ бўлдик. Чекловлар кўпинча "орқаси"да ҳеч кими йўқ, оддий фуқаролар учун ишлатилди.
Иккинчидан, бу жойларда карантин коидаларини чеклаб ўтиб ишлаш истагида бўлганлар ва назоратчилар ўртасида коррупцион ҳолатларни ошириши мумкин. Чунки, солиқ, кредит ва бошқа мажбурий тўловлар чўзилса ҳам бироқ тўлиқ бекор қилинмади.
Учинчидан, карантин қоидалари бекор қилинмаган бир вақтда жойларда минглаб одамларни тўплаб ўтказилган концерт томошалари мисолида карантин қоидаларига риоя этишда иккиюзламачилик ишининг юксак чўққиси кўринди: сенга мумкинмас, бизга мумкин.
Шу боис, чеклов ҳақида гап кетганда, одам сонига қарамай ё тўлиқ чеклаш, ёки тўлиқ рухсат бериш лозим, шу жумладан тўй ва оилавий тадбирларга ҳам. Бўлмаса бу чекловлар ҳам "кимдир тўй ўтказиб олиши учун", деган фикр пайдо қилади”, дейди депутат.
Унинг алоҳида урғулашича, “касалликка қарши оммавий эмлашни ҳам ихтиёрийликдан мажбурийликка ўтказиш керак вассалом. Шунда кутилган натижага тезроқ эришилади”.
Маълумот ўрнида, мамлакатда пандемия бошлангандан буён 113568 нафар киши коронавирус касаллигига чалингани қайд этилган. Шундан 109349 киши соғайган. 1 апрелдан то 5 июлга қадар Ўзбекистонда 4 миллион 224 минг 934 доза вакцина қўлланилган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15