“Спутник V” вакцинаси фақат амалдорлар учунми?

Жамият

Айни вақтда Ўзбекистонда ҳам коронавирусга қарши эмлаш жараёнлари жадаллик билан давом этмоқда. Мамлакатда пандемия бошлангандан буён 113568 нафар киши коронавирус касаллигига чалингани қайд этилган. Шундан 109349 киши соғайган. 1 апрелдан то 5 июлга қадар Ўзбекистонда 4 миллион 224 минг 934 доза вакцина қўлланилган. 

Айни вақтда мамлакатда уч номдаги вакциналардан фойдаланилмоқда. Булар – “Спутник V”, “AstraZeneca” ва “ZF-UZ-VAC 2001”. Бироқ, одамлар орасида энг кўп оммалашгани Россияда ишлаб чиқарилган “Спутник V” вакцинаси бўлмоқда. Кўпчилик ўзи истиқомат қиладиган ҳудуддаги поликлиникадан ушбу вакцинани топа олмагани, амалдорлар эса айнан шу вакцина билан эмланаётганини айтиб, эътироз билдирмоқда. Айниқса, ўтган ҳафта Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек  Озодбек Назарбеков “Халқаро пресс-клуб”нинг вакцинацияга бағишланган сессиясида “Спутник V” вакцинаси билан эмланиши ушбу эътирозларни янада орттирди. Хўш, “Спутник V” фақат амалдорлар учунми? Ушбу саволга жавоб олиш мақсадида QALAMPIR.UZ Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди  Ботир Жўрабаевич Қурбонов билан суҳбатлашди. 

QALAMPIR.UZ: —“Халқаро пресс-клуб”га борганлар, хусусан вазир Назарбеков нега “Спутник V” вакцинаси билан эмланди? Ё ушбу вакцина фақат амалдорларга аталганми? 

Ботир Қурбонов, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари: — “Спутник V” вакцинаси фақат амалдорлар учун эмас. Ушбу вакцина биринчи навбатта хавф гуруҳи юқори бўлган аҳолига, яъни 65 ёшдан ошган кексаларга, кейинги ўринда тиббиёт ходимларига қилиняпти. Шунингдек, “Спутник V” вакцинаси Ўзбекистон Республикасига қанчалик кўп миқдорда олиб келинса, секин-аста  аҳолининг барча қатламига тарқатилиши бошланади. Лекин, бугунги кунда олиб келинаётган “Спутник V” вакцинасининг дозаси камлигини сабабли у аҳолининг энг яқори хавф гуруҳи орасида қўлланилмоқда.  “Халқаро пресс-клуб”да бўлган вакцинация жараёнларида 3 та вакцина – “Спутник V”, “AstraZeneca” ва “ZF-UZ-VAC 2001”  вакциналари олиб келинди. Унда нафақат Озодбек Назарбеков, балки бошқа иштирок этганлар, яъни журналистлар, блогерлар ва бошқа халқ вакиллари ҳам ушбу вакциналар билан эмланди. “Халқаро пресс-клуб”га 3 та вакцина олиб келинишидан мақсад  бугунги кунда Ўзбекистонда 3 та вакцинадан фойдаланаётганлигини аҳолига кўрсатиш ва етказиш эди. Шунинг учун 3 та вакцинадан фойдаланилди. 

Ўзбекистонда ҳам Қозоғистон ва бошқа бир қатор республикалар сингари  “Спутник V” вакцинаси ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилгандан кейин минглаб дозада ушбу вакцинасидан фойдаланиш имкони яратилади. Бу жараён ҳақида тез кунларда Ўзбекистон аҳолисига аниқ баёнот берамиз. Айни кунларда бунинг учун тайёргарлик ишлари кетмоқда. Шу ўринда айтиш мумкинки, “ZF-UZ-VAC 2001”  вакцинаси “Спутник V” вакцинасида қолишмайдиган, барча турдаги мутацияга учраган каронавирус штаммларига таъсир қила оладиган вакцина ҳисобланади. Ўзбекистонда ушбу вакцинанинг ҳам учинчи клиник босқичи амалга оширилган, 7 миндан ортиқ одамларда клиник тадқиқотлар ўтказилган ва уларнинг барчасида ижобий натижа олинган.   

QALAMPIR.UZ: — Демак , “Спутник V”  вакцинасининг “ZF-UZ-VAC 2001”  ва “AstraZeneca” вакциналаридан фарқи борми?

Б.Қ.: — “Спутник V” вакцинаси “AstraZeneca” ва “ZF-UZ-VAC 2001”  вакциналаридан ҳеч қандай фарқ қилмайди. Фақатгина қолган вакциналарнинг Ўзбекистонда “Спутник V” вакцинасига нисбатан рекламаси камроқ бўлгани учун ҳам жуда кўп аҳолимиз томонидан саволлар ва мурожаатларга сабаб бўлмоқда. “Спутник V” вакцинаси Россияда шу даражада кўп реклама қилингани боис аҳолимизда ушбу вакцинага эҳтиёж ёки унга бўлган талаб ошиб кетмоқда. 

QALAMPIR.UZ: — Ҳозирги кунда “Спутник V” вакцинаси қайси эмлаш пунктларида мавжуд?

Б.Қ.: — Бугунни кунда “Спутник V” вакцинасини сақлашда ўзига яраша қийинчиликлар туғилмоқда. Масалан бошқа вакциналарни +2 - +8 даражада сақланса, “Спутник V” вакцинасинии эса -18 градусдан кам бўлмаган ҳароратда сақланиши керак ва бу ўзига яраша махсус музлатгичларни талаб этади. Шунинг учун  “Спутник V” вакцинасинии Тошкент шағридаги барча туманларнинг марказий поликлиникаларида, шунингдек барча вилоят марказларида ташкил этилган вакцина эмлаш пунктларида топиш мумкин. Ушбу вакциналарни ҳудудларга етказиб бериш бўйича барча чоралар кўрилган.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

268

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг