“Крокус” терактида айбланган 4 тожикистонликнинг ҳибсда қолиш муддати узайтирилди
Олам
−
17 Август
6914Кеча, 16 август куни Москванинг Басманний суди “Крокус Сити Ҳолл”да теракт содир этишда айбланган тўрт нафар Тожикистон фуқаросини ҳибсда сақлаш муддатини узайтирди. Бу ҳақда Москва шаҳар умумий юрисдикция судлари хабар бермоқда.
Суд ёпиқ эшиклар ортида ўтди. Тергов органларининг илтимосига биноан Муҳаммадсобир Файзов, Далержон Мирзоев, Муродали Рачабализод ва Фаридуни Шамсиддинни ҳибсда сақлаш муддати яна уч ойга – 2024 йил 22 ноябрга қадар узайтирилди.
Юқоридаги шахслар терактнинг бевосита ижрочилари деб ҳисобланмоқда.
Маълумот учун, Москва яқинидаги Красногорскдаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залига ҳужум жорий йилнинг 22 март куни тахминан соат 20:00 да содир бўлди. Тўрт нафар қуролли шахс концертга келган одамларга қарата ўқ узган, аудиторияга ўт қўйган, сўнг бинони тарк этиб, машинада қочиб кетган. Оқибатда 145 киши ҳалок бўлди, 500 дан ортиқ киши яраланди. 1,7 мингдан ортиқ киши жабрланувчи сифатида тан олинган, 800 дан ортиқ киши гувоҳ сифатида сўроқ қилинган.
Ушбу ҳужум замонавий Россия тарихидаги энг йирик терактлардан бирига айланди, ИШИДнинг Афғонистондаги бўлими бўлган “Вилоят Хуросон” гуруҳи ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари терактни содир этиш ва уюштиришда ёрдам беришда гумон қилинган 18 нафар шахсни қўлга олди, уларнинг аксарияти Тожикистон фуқаролари.
"Коммерсант"нинг маълум қилишича, концерт залининг икки ходими ҳам Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 238-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш) 3-қисми бўйича жиноий иш бўйича айбланувчига айланган.
LiveБарчаси