Космонавтларга ҳам қўл бериб саломлашиш тақиқланди
Олам
−
31 Март 2020
49072020 йилнинг 9 апрель куни Халқаро космик станциясига (ХКС) учадиган космонавтларга коронавирус пандемияси туфайли қўл бериб ёки қучоқлаб саломлашиш тақиқланди. Бу ҳақда космонавтларни тайёрлаш марказининг эпидемиологи Сергей Савин маълум қилди.
Маълумот берилишича, россиялик космонавтлар Анатолий Иванишин ва Иван Вагнер, шунингдек, америкалик Кристофер Кассиди ХКСга учади. Шифокорнинг сўзларига кўра, космонавтларга қўл бериш ва қучоқлашиш тақиқланган. Бундан ташқари, улар энди қўлларини тез-тез ювишлари керак.
"Умумий фойдаланиш учун мўлжалланган буюмлар ҳар фойдаланишдан кейин дезинфекцияланади", дейди Савин.
Космонавтлар овқатланадиган ошхона ходимлари ва Байконурдаги меҳмонхона хоналарида ҳар куни дезинфекциялаш ва шамоллатиш ишлари олиб борилмоқда. Улар космосга отланишидан олдин икки бора коронавирус тестидан ўтишади.
Маълумот учун, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти жорий йилнинг 11 март куни коронавирус касаллигини пандемия, деб эълон қилди. Ҳозиргача ушбу вирус дунёнинг 178 мамлакатида аниқланган. Касаллик дунё бўйича 786 608 нафар одамда қайд қилинган. Уларнинг 37 832 нафари вафот этган, 165 874 нафари эса ушбу касалликдан фориғ бўлган. Ҳозирда касаллик юқтирган 582 902 нафар одам карантинда ёки шифохонада даволанмоқда. Уларнинг 553 389 нафари ёки 95 фоизи қониқарли аҳволда, 29 513 нафарининг аҳволи оғир.