Космонавтлар қанча маош олади?
Бу қизиқ
−
01 Февраль 36294 2 дақиқа
Россиялик космонавтлар олти ойлик орбитал экспедиция давомида тахминан 5,5 миллион рубль даромад олади. Бу ҳақда мутахассисларга таяниб, “Bloomberg” хабар берди.
Космонавт Сергей Рязанскийнинг айтишича, парвоз вақтида унинг даромади кунига тахминан 400 долларни ташкил этган. Стандарт олти ойлик миссия давомида бу сумма 72 минг долларга етади.
Гап бевосита космосда бўлиб турган давр учун тўланадиган маблағлар ҳақида бормоқда. Бу пуллар махсус шароитларда ишлаганлик учун устамалар кўринишида ҳисобланади ва асосий маошдан ташқари тўланади.
Россиялик космонавтларнинг асосий иш ҳақи белгиланган ойликдан шаклланади. Очиқ манбаларга кўра, биринчи парвоздан кейин бу сумма мукофот ва компенсацияларни ҳисобга олмаганда ойига тахминан 130–140 минг рублни ташкил этади.
Шу тариқа, узоқ муддатли экспедициялар давомида олинадиган даромаднинг асосий қисми айнан орбитада ишлаш даврига тўғри келади.
Таққослаш учун, NASA астронавтлари бошқача тизим асосида маош олади. Улар АҚШ федерал давлат хизматчилари ҳисобланади ва парвоз вақтида ҳам ҳеч қандай махсус “космик” устамаларсиз одатдаги иш ҳақини олишда давом этади. Меҳнат стажи, лавозими ва федерал маош шкаласидаги даражасига қараб NASA астронавтларининг йиллик даромади тахминан 100 минг доллардан 160 минг долларгача бўлади.
Қўшимча равишда NASA астронавтларига фақат рамзий кунлик тўловлар берилади — кунига тахминан 5 доллар.
Олти ойлик миссия давомида бу сумма қарийб 1 минг долларни ташкил этади.
Шундай қилиб, АҚШда астронавтларнинг парвоз пайтидаги даромади деярли ерда оладиган маошидан фарқ қилмаган ҳолда қолса, Россияда космонавтларнинг экспедиция давридаги даромадининг сезиларли қисми айнан кунлик тўловлар ва космосда бўлгани учун бериладиган махсус устамалар ҳисобига шаклланади.
Live
Барчаси