Коррупция учун судланган шахсларга чекловлар жорий этилади

Ўзбекистон

−

visibility640 timer3 дақиқа

image

Ўзбекистонда коррупцияга оид жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган шахсларнинг электрон реестрини юритиш тартиби белгиланмоқда. Ушбу реестрга киритилган шахсларга нисбатан давлат хизмати, давлат харидлари ва айрим раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиш бўйича чекловлар қўлланилади. Бу ҳақда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойланган “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг электрон реестри тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги лойиҳада келтирилган. 

Низом лойиҳасига кўра, шахсни коррупцияга оид жиноят(лар) содир этганликда айбдор деб топиш тўғрисидаги суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукми (ажрими) уни электрон реестрга киритиш учун асос ҳисобланади.

Коррупцияга оид жиноят(лар)ни содир этишда айбдор деб топилган шахс ҳақидаги маълумотлар Ички ишлар вазирлиги томонидан суднинг айблов ҳукми (ажрими) қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан 3 иш куни ичида электрон реестрга киритилади.

Электрон реестр Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда дастурий комплексда юритилади. Унда шахс тўғрисидаги маълумотлар Жиноят кодексида белгиланган судланганлик муддати давомида сақланади.

  • Реестрга киритилган шахсларга нисбатан қуйидаги чекловлар қўлланилади:
  • давлат хизматига кириш ва давлат мукофотлари билан тақдирланиш;
  • сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодини кўрсатиш;
  • давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларнинг аъзоси бўлиш;
  • ўзи таъсис этган ва устав фондидаги улушининг 50 фоизидан кўпроқ қисмига ўзи эгалик қиладиган тадбиркорлик субъектларининг давлат харидларида ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларда иштирокчи сифатида қатнашиш;
  • давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотларда ва давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиш.

Чеклов қўллангани, унинг сабаби ва ҳуқуқий асоси соҳавий ахборот тизимида автоматик равишда қайд этилади.

Шахс электрон реестрга киритилганидан кейин унга нисбатан қонунчиликда белгиланган чекловларга риоя қилинмаётгани аниқланганда, масъул ходим бу ҳақда тасдиқловчи маълумотларни илова қилган ҳолда ваколатли субъектга дарҳол хабар беради.

Ваколатли субъект тақдим этилган маълумотларни кўриб чиқиб, тегишли чеклов татбиқ этилиши тасдиқланган тақдирда, қонунчиликда белгиланган асослар ва тартибда чекловнинг хусусиятидан келиб чиқиб, шахснинг чекловга зид фаолияти ёки иштирокини бартараф этиш чораларини кўради.

Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахс ҳақида электрон реестрдан маълумот олиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

  • соҳавий ахборот тизимларида — қонунчиликда белгиланган чекловларни автоматик равишда қўллашни таъминлаш мақсадида шахснинг электрон реестрда мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотлар идоралараро электрон ахборот алмашинуви орқали;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари, бундай тузилмалар мавжуд бўлмаганда эса тегишли таркибий бўлинмаларнинг масъул ходимлари томонидан — ўз хизмат ваколатлари доирасида қонунчиликда белгиланган чекловларни қўллаш ва уларга риоя этилишини назорат қилиш мақсадида шахснинг электрон реестрда мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотлар дастурий комплекс орқали;
  • жисмоний шахс ёки унинг вакили томонидан — мазкур шахснинг электрон реестрда мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома, шунингдек, сўровга кўра электрон реестрда унга оид маълумотлардан кўчирма Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали.

Ушбу қарор лойиҳаси муҳокамаси жорий йил 8 декабрга қадар давом этади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг