Коронавирусга қайта чалинмаслик учун нималарга амал қилиш керак?
Саломатлик
−
24 Октябрь 2020
11590Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳам коронавирусга қайта чалиниш ҳолати кузатилган. Коронавирусга қайта чалинмаслик учун нималар қилиш керак? Бу ҳақида Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Одилова муҳим маълумотларни тақдим этди.
Мутахассиснинг тавсиясига кўра, касал бўлмаслик учун унинг олдини олиш, яъни профилактика зарур.
“Биринчи навбатда иммунитетнинг юқори бўлишига эришиш, бунинг учун организмни чиниқтириш, гигиеник қоидаларга ва соғлом турмуш тарзига риоя қилиш (тўғри овқатланиш тамойилига амал қилиш, жисмоний фаоллик, зарарли одатлардан воз кечиш, руҳий хотиржамликка эришиш) зарур”, деди Барно Одилова.
Унинг таъкидлашича, кунига камида 4-5 маҳал овқат истеъмол қилиш, таркибида ёғ, туз, шакар миқдори кўп бўлган озиқ-овқат маҳсулотлардан тийилиш зарур. Бундан ташқари, кучли газланган рангли ҳамда энергетик ичимликлардан воз кечиш талаб этилади.
“Кунига 400 гр. дан кам бўлмаган миқдорда хом ҳолдаги мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш, овқатнинг бир хилда бўлишидан чекланиб, рационга гўшт маҳсулотлари билан бир қаторда албатта сут ва қатиқ маҳсулотлари, дуккакликлар, кўкатларни қўшиб истеъмол қилиш зарур”, деди у.
Барно Одилова, шунингдек, грипп мавсумида пиёз, чеснок ва лимоннинг ҳам алоҳида ўрни борлиги ҳақида ҳам таъкидлаб ўтди.
“Шунингдек, одамлар кўп тўпланадиган жойлардан чекланиш, кўчага чиққанда ҳимоя воситаларидан тўғри ва тўлиқ фойдаланиш талаб этилади”, деди мутахассис.
LiveБарчаси