Зангиотада коронавирусдан яна 28 киши вафот этди
Интервью
−
04 Январь 2022
209032021 йилнинг декабрь ойида биргина Тошкент вилоятида жойлашган Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонасида коронавирусга чалинган 28 нафар бемор вафот этган. Бу ҳақда бугун, 4 январь куни ушбу шифохонанинг Жонлантириш бўлими бошлиғи Бегали Ҳакимов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
QALAMPIR.UZ мухбири Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонасида бўлиб, даволаниш жараёнлари билан танишди. Шифокор Ҳакимов Янги йилнинг ўтган уч куни мобайнида қанча бемор келтирилгани ҳақида маълумот берди.
“Шу кунларда беморлар сони анча камайган. Клиникамизга кунига ўртача 40, 45 нафар бемор келтирилмоқда. Лекин бу беморларнинг кўпчилигида касаллик енгил ва ўрта оғирликда кечмоқда.
Реанимация бўлими 36 нафар беморга мўлжалланган. Ҳозирги кунда 28 та реанимацион беморларимиз бор. Бизда бўш жойларнинг мавжудлиги касалларнинг нисбатан камайганидан далолат беради”, дейди реанимация бўлими бошлиғи.
Унинг айтишича, бугунги кунда Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонасининг 30 фоизи беморлар билан тўлган.
“Шифохонамиз 2000 ўринга мўлжалланган. Ҳозир 450 та беморимиз бор”, дейди Ҳакимов.
Шунингдек, у бугунги кунда беморларнинг аҳволи ва ўтган 2021 йил декабрь ойида кузатилган ўлим ҳолатлари юзасидан ҳам маълумот берди.
“Ўтган йили декабрь ойида 28 нафар беморда ўлим ҳолати кузатилди. Ҳозирги кунда реанимация бўлимида қолаётган 28 бемордан 5 нафарида ўта ўғир ҳолат кузатилмоқда. Уларнинг 21 нафари оғир ҳолатда. Бир нафар беморимиз эса, стабил оғир. У уйга кетишга тайёрланмоқда”, дейди Бегали Ҳакимов
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 3 январь куни 89 киши коронавирус аниқланиб, мамлакат бўйлаб ушбу хасталикка чалинганлар 199 271 нафарга етган.