Коронавирус хавфи: Европа кузгача ёпиқ қолиши мумкин
Олам
−
11 Апрель 2020
7442Франция Президенти Эммануэль Макрон коронавирус пандемияси сабаб Европа давлатлари чегараларини сентябргача ёпиқ қолдириши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда BFM хабар берди.
Французлар етакчиси касаба уюшмалари етакчилари билан видеоанжуман вақтида шундай таклифни маълум қилди. Макрон коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашуви сабабли Шенген ҳудудига кирувчи давлатлар чегараларини сентябргача ёпиқ қолдириши мумкинлигини айтган.
Макрон эпидемиянинг дунёда қандай ривожланаётганини айтиб, вазиятни тушунтирган. Мисол тариқасида АҚШни кўрсатиб, у ерда эпидемия энди ўз чўққисига чиқишини айтиб ўтган. Шунингдек, Осиё давлатларида ҳам коронавирус қайтадан авж олиши мумкинлигини таъкидлаб ўтган. Франция Президенти чегараларнинг ёпилиши иқтисодиётни тиклашга ҳам салбий таъсир қилишини таъкидлаган.
Маълумот ўрнида жорий йилнинг 13 апрель куни Эммануэль Макрон халққа мурожаат йўллаши кутиляпти. Мурожаат вақтида Макрон коронавирус пандемиясига қарши қўшимча чораларни маълум қилади. Хусусан, Президент фуқароларнинг мамлакат бўйлаб ҳаракатланишига ўрнатилган чекловни 15 апрелдан кейин яна узайтиради.
Сўнгги маълумотларга кўра, Европанинг тўрт йирик давлати – Франция, Испания, Германия ва Италия дунёда коронавирус тарқалиши бўйича дастлабки беш давлат қаторидан жой олган. Биринч ўринда эса АҚШ боряпти. Франция, Испания, Германия ва Италияда умумий ҳисобда 560 минг одам коронавирус юқтириб олган. Уларнинг 51 мингдан ортиғи вафот этган ва 169 мингга яқини касалликдан фориғ бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар раҳбарлари жорий йилнинг 17 март куни 30 кун муддатга чегараларни ёпиш тўғрисида қарорни маъқуллаганди.