Коронавирус билан боғлиқ тиббий масалалар бўйича call-марказ ишга туширилди

Жамият 5502
image

Кеча, 15 март куни Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси Матбуот анжуманида Бош вазир Абдулла Арипов 16 март куни коронавирус инфекцияси билан боғлиқ тиббий масалалар бўйича call-марказ ишга туширилишини эълон қилган эди. 

Бугун, 16 март куни ваъда қилинганидек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 1003 ягона қисқа рақамли Call-марказ ишга туширилди. 

Сиз ушбу марказ орқали коронавирус инфекцияси ёки  ўзингиз ва яқинларингиз саломатлиги билан боғлиқ саволларингиз бўлса шу рақамга қўнғироқ қилиб, мутахассислардан тиббий асосланган жавоблар ва тавсияларни олишингиз мумкин. 

Call-марказ туну кун хизматингизда бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат кеча, 15 март куни соат 06:00 да қайд этилди. Ушбу вирусни юқтириб олган бемор – олий тоифали шифокор  11 март куни Франциядан қайтган бўлган. Айни вақтда Ўзбекистонда коронавирус билан оғриганлар 6 кишини ташкил этмоқда. Мамлакатдаги қолган 5 беморнинг 4 нафари биринчи беморнинг яқин қариндошлари. Бир нафар бемор эса Кеча, 15 март куни соат 05:15 Истанбул-Тошкент рейсида Туркиядан Ўзбекистонга келган.

Маълумот учун, дунё бўйича 170 029 киши коронавирусга чалинган. Улардан 6524 нафар бемор вафот этган, 77 778 нафар бемор хасталикдан фориғ бўлган.

Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 101
Рейтинг: 3
t
×