Конор Макгрегор жинсий зўравонликда гумон қилинмоқда 

Спорт 14685
image

Икки вазн тоифасида UFC собиқ чемпиони, ирландиялик Конор Макгрегор жинсий зўравонликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда “The New York Times” хабар қилди.

Маълум қилинишича, тахмин қилинаётган жиноят 2018 йилда Ирландия пойтахти Дублинда содир бўлган. Судга жабрланувчи ва унинг онаси шикоят аризаси билан мурожаат қилган. 

Қайд этилишича, аввал ўтказилган тергов ишида Макгрегор айбсиз экани исботланган.

“Гувоҳнинг кўрсатмалари олинди, видео лавҳалар ўрганилди. Натижада фактлар аризадаги кўрсатмаларга зид келди. Биз ҳар қандай норозиликни рад қиламиз”, дейди спортчининг вакили Карен Кесслер. 

Конор устидан судга ариза берилганини жабрланувчининг адвокати Дэйв Коулман ҳам тасдиқлаган.

Адвокатнинг сўзларига кўра, даъво аризаси Дублин Олий судига Ирландия пойтахтида 2018 йилда содир бўлган воқеа юзасидан киритилган.

Адвокат Коулманнинг сўзларига кўра, судга иккита даъво аризаси киритилган. Биринчиси жабрланувчи, иккинчиси эса, жабрланувчининг онаси томонидан тақдим қилинган.  

Маълумот ўрнида, ўтган йилнинг сентябрь ойида ҳам Конор жинсий зўрлаш ва аҳлоқсизликда айбланиб, ҳибсга олинган эди. Спортчи сўроқ қилинганидан сўнг, қўйиб юборилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 январь куни Конор Макгрегор Дастин Порьега қарши октагонга чиқади. Шу пайтгача уч маротаба катта спорт билан ҳайрлашган Конор ҳисобида 22 та ғалаба ва 4 та мағлубият бор. Унинг рақиби Дастин Порье эса, фаолиятида шу пайтгача 26 та ғалаба ва 6 та мағлубият қайд этган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 899
Рейтинг: 2.9
t
×