КХДР Жанубий Кореяга яна ахлат шарларини юборди

Олам

image

Шимолий Корея яна бир бор ахлат билан тўлдирилган шарларни Жанубий Корея томон учирди. Бу ҳақда бугун, 5 сентябрь куни Жанубий Корея Қуролли кучларига таяниб, “The Korea Times” хабар берди

Аниқлик киритилишича, бу сафар гап 420 та ҳаво шарлари ҳақида кетмоқда, уларнинг биринчи қисми 4 сентябрь куни кечки пайт учирилган. Бугун эрталаб эса ҳавода яна янги ахлат шарлари пайдо бўлган.

Қайд этилишича, шарлар ичида асосан қоғоз ва пластмасса чиқиндилари бўлиб, улар соғлиқ учун хавф туғдирмайди.

“Associated France Press” маълумотларига кўра, 2024 йилнинг май ойидан буён КХДР Жанубий Корея томон 3800 дан ортиқ чиқинди ҳаво шарларини учирган. 4 сентябрь куни юборилган ҳаво шарларининг учирилиши сўнгги беш ой ичида ўн учинчиси бўлди.

“The Korea Times” сўровига жавобан Шимолий Корея расмийларининг айтишича, уларнинг жанубий қўшнисига юбораётган бундай “самимий совға”лари чегара ҳудудига ташвиқот материаллари ва ахлатларнинг тез-тез сочилиб кетилишига жавобдир.

Жанубий Кореянинг аввалги ҳукуматлари фаолларнинг бундай кампанияларни ўтказишини тўхтатишга уриниб, улар чегара яқинидаги аҳоли хавфсизлигига таҳдид солаётганини айтган. 2021 йилда киритилган ҳаво шарларини учиришга тақиқ кейинчалик мамлакат Олий суди томонидан конституцияга зид, деб топилди.

Маълумот учун, жорий йилнинг 9 июнь куни Жанубий Корея Шимолий Корея билан чегарада ўрнатилган овоз кучайтиргичлар орқали тарғиботни қайтадан йўлга қўйилаётганини маълум қилганди. Сеул расмийлари бу қарорни Шимолий Кореянинг давом этаётган “ахлат ҳужумлари”га жавоб деб атади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ КХДРнинг ахлат шарлари Президент қароргоҳигача етиб бориб, Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёлнинг Сеулдаги давлат идорасига Шимолий Корея томонидан юборилган 300 га яқин ахлат шарлари келиб тушганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Жанубий Корея Шимолий Корея ахлат шарлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг