КХДР аскарлари Жанубий Корея чегарасини қисқа вақтга бузиб ўтди

Олам

image

Шимолий Корея аскарлари Жанубий Корея билан чегарани бузиб ўтди. Бу ҳақда “Yonhap” агентлиги хабар берди.

Унга кўра, аскарларнинг Жанубий Корея ва КХДР чегарасидаги демилитаризация зонасини бузиб ўтиши 2024 йилнинг июнь ойи бошидан бери кузатилган учинчи ҳолатдир. Бундан олдингилари эса 9 ва 18 июнь кунлари қайд этилган.

Жанубий Корея чегарачилари бир неча марта огоҳлантирувчи ўқ узгандан сўнг, аскарлар Шимолий Корея ҳудудига қайтиб ўтган. Корея Республикаси штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси маҳаллий вақт билан тахминан 11:00 да кузатилган воқеанинг тасодифий бўлиши мумкинлигини билдирди.

Агентликнинг келтиришича, қоидабузарликлар КХДР чегарани мустаҳкамлаш учун кўп сонли қўшинларни тартибга солаётгани билан боғлиқдир.

“Айни пайтда улар (Шимолий Корея аскарлари) чегаларда миналар ётқизмоқда, тўсиқлар сифатида танкка қарши деворлар қурмоқда. Шунингдек, йўлларни мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда”, дейилган агентлик хабарида.

Маълумот учун, июнь ойининг биринчи декадасида ҳам Шимолий Корея аскарлари чегаранинг марказий қисмида икки Кореяни ажратувчи демилитаризация зонаси доирасидаги демаркация чизиғини қисқа муддат кесиб ўтганидан сўнг Жанубий Корея ҳарбийлари огоҳлантирувчи ўқ узганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ КХДР Жанубий Кореяга ахлат тўлдирилган шарларни учиришни тўхтатгани ҳақида хабар берилганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

чегара Жанубий Корея КХДР

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг