Киев ва Сеул Шимолий Кореяга қарши ҳаракатларни фаоллаштирмоқда
Олам
−
29 Октябрь
3828Украина Президенти Владимир Зеленский жанубий кореялик мавқедоши Юн Сок Ёль билан Киев ва Сеулнинг Россия томонида Украинадаги урушда Шимолий Корея қўшинларининг иштирок этиши кутилаётгани фонида телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Зеленский 29 октябрь куни бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг Telegram-каналида ёзди.
“Биз Шимолий Корея ҳарбийларининг Россиянинг Украинага бостириб киришига алоқадорлигини муҳокама қилдик. Битта хулоса бор – бу уруш халқаро миқёсда ва икки давлат чегараларидан ташқарида”, дейди Зеленский.
Украина раҳбарининг сўзларига кўра, у Жанубий Корея Президентига “3 минг Шимолий Корея қўшинини жанговар зонага яқин ҳудуддаги Россия полигонларига ўтказиш ва уларнинг сонининг тахминан 12 мингга кўпайиши кутилаётгани ҳақида янги маълумотларни тақдим этган”.
“Биз разведка маълумотлари ва тажриба алмашишни кучайтириш, кескинлашувга жавобан ҳаракатлар стратегияси ва қарши чоралар рўйхатини ишлаб чиқиш, шунингдек, умумий шерикларни ҳамкорликка жалб қилиш мақсадида барча даражаларда, жумладан, энг юқори даражадаги алоқаларни фаоллаштиришга келишиб олдик”, деди Зеленский.
Унинг қўшимча қилишича, ушбу келишув доирасида Киев ва Сеул яқин орада ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун делегациялар алмашишади.
Зеленский билан телефон суҳбатида Юн Сок Ёль Жанубий Корея Пхеньян ва Москва ўртасидаги ҳарбий алоқаларни чуқурлаштиришни эътиборсиз қолдирмаслигини айтди ва хавфсизликка таҳдидларнинг кучайишига жавобан “босқичма-босқич чоралар” кўришга ваъда берди.
“Шимолий Корея ҳарбий ёрдам беришдан ташқари, Россияда махсус кучларни жойлаштириш орқали мисли кўрилмаган ва хавфли қадамлар қўймоқда”, деди Жанубий Корея раҳбари.
Юн Сок Ёль, шунингдек, Москва Пхеньянга қўшин киритиш эвазига нозик ҳарбий технологияларни бериши, шунингдек, Шимолий Корея кучларининг Украинада жанговар тажриба орттириши мумкинлигидан хавотир билдирди, бу эса Жанубий Корея учун “хавфсизликка жиддий таҳдид” туғдириши мумкин.
Шимолий кореялик аскарларнинг Россияга юборилгани ҳақидаги хабарлар
Охирги ҳафталарда Шимолий Корея ҳарбийларининг Россиянинг Украинага қарши урушида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, Россия Федерациясининг Узоқ Шарқ минтақаларида аллақачон Шимолий Корея махсус кучларининг 1500 нафар аскари бор ва КХДР Россияга жами 10 мингга яқин ҳарбий хизматчи жўнатиши мумкин. Тахминларга кўра, бир ойлик машғулотлардан сўнг бу аскарлар фронтга жўнатилади.
“Кремль уларга Шимолий Корея фуқароларини Россиянинг шарқий ҳудудлари аҳолиси сифатида кўрсатиб, сохта ҳужжатлар тақдим этишни режалаштирмоқда”, дейилади Жанубий Корея разведкаси ҳужжатларида.
Аввалроқ НАТО Шимолий Корея қўшинлари Россияга ўтказилганини тасдиқлаган, Шимолий Корея расмийлари эса Украинага аскар жўнатишини инкор этган. Россия Президенти Владимир Путин билвосита Шимолий Корея аскарлари Россия Федерациясида ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун тайёргарликдан ўтаётганини тасдиқлади.
Журналистнинг Ғарб разведка хизматлари томонидан олинган сунъий йўлдош суратлари ҳақидаги саволига жавоб берар экан, Путин шундай деди:
“Агар тасвирлар бўлса, бу ниманидир акс эттиради”.
Украина Президенти Владимир Зеленский Шимолий Корея аскарлари 27-28 октябрь кунлари фронтга жойлаштирилиши мумкинлигини айтди.
Европа Иттифоқи Пхеньянни Украинага қарши урушда иштирок этишдан огоҳлантирди.
Айни пайтда, Фридрих Науман жамғармаси маълумотларига кўра, Россия Федерациясининг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан бери КХДР Москвага 1,7 миллиард доллардан 5,5 миллиард долларгача бўлган қурол-яроғларни топширган.
“Агар Шимолий Корея қўшинлари Украинага қарши урушда қатнашса, Пхеньяннинг Россия билан ҳарбий ҳамкорликдан олган даромади юзлаб миллион долларга ошиши мумкин”, дея қайд этади нашр.
LiveБарчаси