“Кийдиради анжанчасига”. Андижонда ўқувчилардан ҳоким билан суҳбатда газ ва “свет” муаммосини кўтармаслик талаб қилинди
Олам
−
03 Ноябрь 2022
16634Андижондаги мактаб ўқувчиларидан вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов билан учрашувда ҳокимнинг саволларига шукроналик ҳисси билан жавоб бериш, келажакда олий ўқув юртига кириш истагини – гарчи ўзи истамаса ҳам – 100 фоиз билдириш, оилавий муаммолар, газ ва “свет” ҳақида миқ этмаслик талаб қилинди. Жалақудуқ тумани ҳокими Ҳикматилло Латипов ва туман халқ таълими бўлими бошлиғи Гулидона Саййидовага Telegram мессенжери орқари берилган топшириқ сурати ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги (ХТВ) ушбу топшириқларга муносабат билдириб, мутасаддиларни аҳмоқона топшириқлар беришни тўхтатишга чақирди.
“Мактаб ўқувчини шахс сифатида ўзини англашига ёрдам берадиган, ўз хатти-ҳаракатлари учун масъулият ҳиссини, инсоний қадр-қимматини рўёбга чиқариш қобилияти ва истагини ривожлантиришга ёрдам берадиган маскандир. Ўқувчиларга мана бу ёзувдаги каби нарсаларни уқтириш, сингдириш йўли билан уларни Ўзбекистон келажагини қурадиган ёшлар қилиб тарбиялай олмаслигимиз аниқ”, дейилади ХТВ изоҳи аввалида.
Вазирликка кўра, таълимда бундай инсонларнинг ишлаётганлиги жуда ачинарли ҳолат.
“Аслида бола ўзидаги мавжуд муаммоларни айта олиши керак, қаердан биласиз, балки у оиласида зўравонлик қурбони бўлаётгандир ёки уни қийнаётган бошқа муаммолар бордир?! Раҳбарларга ўзини яхши кўрсатиш учун амалга оширилаётган бундай ҳаракатлар билан эса бугун ўз қўлимиз билан келажагимизни барбод қиламиз! Бугун боладан мана бундай нарсани талаб қилаётганлар эртага яхшилик кутмасин!
Ўқитувчилик оддий касб эмас, бу касб, юрак чақирувидир – ўқитувчилардан бундай нарсаларни талаб қилманг, ҳурматли устозлар, илтимос, бундай талабларга қулоқ тутиб, келажак тақдири сизга боғлиқ бўлган навниҳолларни синдирманг!”, дейди ХТВ матбуот котиби Лайло Рустамова.
Шунингдек, у сўзида давом этаркан, ҳокимбува Абдураҳмоновни “андижонлик болаларнинг отаси” деб таърифлаган.
Ҳоким Андижон фарзандларининг отаси экан, фарзанд отасига ўзини қийнаётган ҳар қандай масалани айтишга ҳаққи бор, отаси эшитмаган болани кўчада бегоналар эшитади, бу эса яхшиликка олиб келмайди. Ҳоким ҳам айнан шу учун ёшлар билан учрашгани келаётгани аниқ, бу йўл билан ўзингизни яхши кўрсатманг!”, деган Рустамова.
LiveБарчаси