Кисида Зеленскийни ҳам G7 саммитига таклиф қилди
Олам
−
22 Март 2023
4106Россия босқинидан кейин Киевга илк бор ташриф буюрган Япония Бош вазири Фумио Кисида Украинани мунтазам қўллаб-қувватлашини айтди ва Президент Владимир Зеленскийни жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтадиган G7 саммитида иштирок этишга таклиф қилди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Қайд этилишича, ташриф доирасида Япония Бош вазири Фумио Кисида Киев вилоятидаги ўтган йилнинг апрель ойида ишғол қилинган Буча шаҳрига ташриф буюрган. Бучада рус қўшинлари томонидан ўлдирилган тинч аҳолининг оммавий қабрлари яқинидаги черков ёнига гул қўйган ва марҳумлар хотирасига бир дақиқа сукут сақлаган.
“Бир йил аввал Бучада бегуноҳ фуқаролар ўлдирилганини кўриб, дунё ҳайратда қолган. Бу ерга ташриф буюриб, бу шафқатсизлик туфайли жуда кўп ғазабни ҳис қилади”, деган Кисида.
Шунингдек, Бош вазир барча қурбонлар ва ярадорларга Япония фуқаролари номидан ҳамдардлик билдирган. Кисида Япония Украинада тинчликни тиклаш учун катта саъй-ҳаракатларни давом эттиришига ишонтирган.
Таъкидлаш жоизки, Кисида ҳукумати Ғарб томонидан Россияга қарши санкцияларга қўшилган бўлсада, Япония энергия таъминоти бўйича қатъий чоралар кўрмаган. Унинг ҳукумати Россиянинг “Сахалин-2” экспорт лойиҳаси суюлтирилган газнинг асосий манбаи эканлигини ва Япония иқтисодиёти барқарор фаолият юритиши учун Россия нефтига муҳтожлигини айтган.
Зеленский Кисидани Украинани урушдан кейинги реконструкцияга қўшилишга ундаган, автомобиль саноати ва яшил энергия лойиҳаларига, шунингдек, миналардан тозалашга эътибор қаратган. Украина раҳбари Япония қайта қуришда асосий шериклардан бири бўлиши мумкин эканини айтган.
Кисида Киевда бўлган бир пайтда Россия стратегик бомбардимончи самолётини Япон денгизи халқаро сувлари устидан учирган. Парвоз етти соатдан ортиқ вақт давом этган.
LiveБарчаси