Кимлар ётоқхонада бепул туриши мумкин?
Жамият
−
02 Сентябрь 2023
78514 сентябр куни таълим муассасаларида навбатдаги ўқув йили бошланиши муносабати билан талабаларни ётоқхоналарга жойлаштириш ишлари бошланган. Ушбу жараёнда ижара тўловини тўлашда маълум тоифадаги талабалар учун имтиёзлар ажратилади. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.
Унга кўра, имтиёзнинг миқдорини олий таълим муассасалари Кенгаши белгилайди ва бу улар қуйидаги шаклларда берилиши мумкин:
• ётоқхона тўловларидан бутунлай озод этиш;
• умумий тўловдан 50 фоиз чегирма бериш.
Биринчи турдаги имтиёз қуйидаги тоифадаги талабаларга берилади:
• кўз касалликлари бўйича 1-2-гуруҳ ногиронлиги борлар;
• чин етимлар (ота-онасининг ҳар иккиси вафот этганлар) ва етимлар (ота-оналаридан бири вафот этганлар);
• меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари;
• ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар.
Умумий касалликлар бўйича 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ва вазифасини намунали бажараётган талабалар Кенгаши раиси, шунингдек, қават сардори ҳамда ётоқхона кутубхонаси учун масъул талабаларга эса 50 фоиз миқдорда чегирма берилиши мумкин.
Маълумот учун, ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида 48 минг 976 нафар талаба(30 фоиз)нинг турар жойга эҳтиёжи мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 24 минг 254 нафар талабани жойлаштириш имкони мавжуд жами 8 минг 438 та ижара хонадонларининг манзилли рўйхатларини шакллантирган.