Ким Чен Ин тухумни кўпайтиришни буюрди (фото)
Олам
−
08 Январь
11060Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин қизи билан янги паррандачилик фермасига ташриф буюриб, парранда гўшти ва тухум ишлаб чиқаришни кўпайтиришга чақирди. Бу ҳақда Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.
Ким Чен Ин кеча, 7 январь куни Гванчхон товуқ фабрикасига ташриф буюрган. КХДР раҳбари Шимолий Корея “халқининг овқатланишини яхшилашга катта ҳисса қўшадиган” ушбу корхона фаолиятини эътироф этган.
Қайд этилишича, Ким Чен Ин гўшт ва тухум етиштиришнинг бугунги даражаси ва уни автоматлаштиришдан мамнун бўлган ҳамда ушбу заводдан ўрнак олиб, бошқа фермер хўжаликларини модернизация қилиш ва унинг тажрибасини оммалаштиришга чақирган.
Унинг қўшимча қилишича, КХДР 2024 йилда Пхеньянда худди шундай корхона очишни режалаштирмоқда. Ким Чен Ин “аҳоли кўпроқ гўшт ва тухум олиши учун ҳосилдорликни тинимсиз оширишга” ундаган. У ишлаб чиқаришни сақлаб қолишни "муҳим сиёсий мақсад" деб атаган.
Ким Чен Иннинг фикрича, бу корхона намунали паррандачилик хўжалиги бўлгани учун мамлакат аҳолисининг турмуш даражасини оширишга ҳисса қўшиши керак.
Қайд этиш жоизки, ўтган ойда тухум ва унинг нархи кўплаб оммавий ахборот воситаларининг асосий мавзуси бўлганди. Дастлаб, декабрь ойи ўрталарида Россия Президенти Владимир Путин товуқ тухуми нархининг жиддий ошгани учун россияликлардан узр сўраган ва мавжуд вазиятни ҳукумат ишидаги муваффақиятсизлик, деб атаган. Президент вазият яқин орада тузатилишига ваъда берган.
Шунингдек, Путин Россия Қишлоқ хўжалиги вазири Дмитрий Патрушев билан товуқ тухуми нархининг ошиши масаласини муҳокама қилгани ҳақида гапирган.
"Яқинда мен Қишлоқ хўжалиги вазири билан гаплашдим. Ундан тухум етказиб беришдаги камчиликлар ҳақида сўрадим. Вазир ҳаммаси яхши эканини айтди. Мен унга оддий одамларда бу борада ҳаммаси яхши эмаслигини айтдим. Товуқ тухуми нархининг ўсиши 40 фоизни ташкил этади, товуқ гўшти эса бундан ҳам қимматлаган. Нима бўлганини биласизми? Биз даромаднинг бироз ўсишини бошдан кечирмоқдамиз. Талаб ошди. Бу нисбатан арзон протеин бўлиб, фуқаролар орасида оммалашган. Ўзим ҳам пишган тухумни яхши кўраман. Бир вақтлар мен эрталаб бирданига ўнта тухумни паққос туширардим”, деган Путин 2023 йил якунлари бўйича ўтказган матбуот анжуманида.
Кейинчалик, 25 декабрь куни Санк-Петербургда бўлиб ўтган ЕОИИ саммитида Беларусь фуқароси Александр Лукашенко мамлакатининг маҳсулот ишлаб чиқаришдаги муваффақияти ҳақида “мақтанганидан” кейин Путин ундан Россияга тухум етказиб беришни сўради.
Лукашенко саммитда сўзга чиқиб, Беларусь ўзини озиқ-овқат билан таъминлаётганини айтди. У республика қайси товарларга бўлган ички талабни мустақил равишда қоплашини санай бошлади. Дон, гўшт, сут ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ҳақида гапирганидан сўнг, Лукашенко тўхтаб қолди, Путинга қаради ва "товуқ тухуми" ни тилга олди ва кулди.
“Бизгаям тухумдан қарашинг, фақат ўзларингиз еявермасдан”, дея жавоб қилди Путин.
29 декабрда эса Лукашенко Минскдаги Витебск бройлер паррандачилик фермасининг дўконига борганида Владимир Путин билан товуқ тухумини баҳам кўришни буюрди.
“Сизда товуқлар борми? Тухум бериши қандай?” деб сўради Лукашенко.
Ижобий жавоб олгач, у тухумлардан бир қисмини Путинга жўнатиш кераклигини айтган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ким Чен Ин қизи билан тактик ва стратегик ракеталар ишлаб чиқарувчи заводга борганди. Жанубий Корея Миллий разведка хизмати директори лавозимига номзод Чо Тхе Ён Шимолий Корея раҳбарининг қизи Ким Чжу Эни Шимолий Корея етакчисининг ўрнига тайёрланаётганини прогноз қилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь