Кичиклар бошқарган “катта руллар”

Таҳлил

image

Навоийда йўл-патруль хизмати инспектори хизмат олиб бораётган вақтида машина уриб кетиши оқибатида вафот этди. Эътиборлиси шундаки, ЙТҲни содир этган машина мактаб ўқувчиси бошқарувида бўлган. Бош прокуратура хабарига кўра, воқеа 19 январь куни соат тунги 1:45 да содир бўлган. Йўл-патруль хизмати инспектори Навоий шаҳрининг Ислом Каримов кўчасида олиб бораётган хизмати вақтида давлат рақамисиз, йўл ҳаракати қоидаларини бузиб ҳаракатланган Kia Sonet машинасининг ҳайдовчисига тўхташ ишорасини қилган. Ҳайдовчи эса ишорага бўйсунмасдан йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳолда қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ҳамда инспекторни уриб юборган ва у ердан қочиб кетган. Инспектор эса воқеа жойида вафот этган. Олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари натижасида Kia Sonet’ни 2008 йилда туғилган мактаб ўқувчиси бошқаргани, машина унинг отасига тегишли бўлгани аниқланган. Автомобиль яшириб қўйилган жойидан топилиб, жарима майдонига жойлаштирилган. Маълумотларга кўра, вафот этган инспектор Жасуржон Муҳаммадов 1993 йилда туғилган, 2 фарзанднинг отаси бўлган. У ички ишлар органлари тизимида 2017 йилдан буён ишлаб келган. Биз бу мавзуга бежиз қўл урмадик. Ҳар йили дунёда қарийб 1 миллион 200 минг одам ЙТҲлар оқибатида вафот этади, 50 миллионга яқини эса ногиронликкача бўлган оғир тан жароҳати олади. Эътиборлиси, автоҳалокатлар сабабчилари кўп ҳолларда ўсмирлар ҳисобланади.

Ҳайдовчи ўқувчилар

Мактаб ўқувчилари томонидан автомобиль бошқариш ҳолатлари жамиятда хавфсизлик масалаларини кун тартибига чиқармоқда. Ёшлар орасида содир бўлаётган ЙТҲлар нафақат ўзларининг ҳаётига, балки атрофдагиларнинг хавфсизлигига ҳам таҳдид солмоқда. Бунга юқоридаги каби кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Масалан, 2024 йил 9 август куни Жомбойда мактаб ўқувчиси томонидан содир этилган ЙТҲ оқибатида 4 яшар бола воқеа жойида вафот этди. 17 октябрда эса Самарқандда 7 синф ўқувчиси бошқариб келаётган "Жигули" автомашинаси ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги оқибатида йўл четидаги ариққа ағдарилиб кетган ва ушбу ўқувчи кейинчалик шифохонада вафот этган. Вояга етмаган болалар машина ҳайдашга қизиқишлари мумкин, аммо шахсларнинг жисмоний ва ақлий лаёқатлари асосида машина бошқарув ҳуқуқи бериладиган ёш чегаралари қонунчилик йўли билан тартибга солинган. Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг 149-бандига кўра, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлиши учун ўрганувчи ўқув муддати якунида: 

  • “А” тоифаси учун — 16 ёшга;
  • “B” ва “C” тоифалари учун — 18 ёшга;
  • “BE” ва “CE” тоифалари учун — 19 ёшга;
  • “D” ва “DE” тоифалари ҳамда трамвай ва троллейбуслар учун 21 ёшга тўлган бўлиши керак.

Бироқ, кўпчилик вояга етмаган шахслар белгиланган муддатлардан олдинроқ автомашина бошқаришни, тенгдошларига кўз-кўз қилишни хоҳлашади. Фарзандларини назорат қилмаган ота-оналар билвосита муаммо сабабчисига айланади.

Вояга етмаган жиноятчилар

Аллақачон XXI аср ва ижтимоий тармоқларнинг, айниқса, ўсмирларга таъсири катта. Машҳур блогерлар ёки ижтимоий тармоқдаги қаҳрамонларнинг тақлид қилишга ундовчи контентлари ҳам ёшларни автомобиль бошқаришга рағбатлантиради. Видео тагига ёзиб қўйилган “такрорлаш тавсия этилмайди” жумласини кўпчилик ўқиб ҳам кўрмаса керак, уни инобатга олиш эса бошқа масала. QALAMPIR.UZ ўтган 2024 йилда вояга етмаган шахслар томонидан содир этилган ЙТҲлар сони бўйича маълумот тақдим этишини сўраганида ЙҲХББ ходими Статистика агентлигига мурожаат қилишни, агентлик эса мазкур статистик кўрсаткичлар ҳали шакллантирилмагани ва келгусида эълон қилинишини билдирди. Шунга кўра, ҳолатни 2023 йилги маълумотлар билан таҳлил қилишга мажбурмиз.

Шундай қилиб, йил давомида 104 мингдан ортиқ жиноят рўйхатга олинган ва унинг 4 фоизи, яъни 3559 таси вояга етмаган шахслар томонидан содир этилган. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ушбу кўрсаткич сўнгги 5 йилда кетма-кет ўсиб борган. 18 ёшга етмаган шахслар асосан, ўғрилик, безорилик, фирибгарлик, талончилик ва босқинчилик каби жиноятларга кўпроқ қўл урсалар-да, улар томонидан содир этилаётган ЙТҲлар бадали оғирроқ кечаётгани сир эмас.

Бу кўпинча жиддий жароҳатлар ёки ўлим билан якунланади. Наманганда ижарага машина олган мактаб ва техникум ўқувчилари Gentra’да тезликни оширишлари оқибатида бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши томонда ҳаракатланиб келаётган юк машинасига урилгани ва машинада бўлган 5 нафар боланинг 3 нафари вафот этгани ёдингизда бўлса керак. Ва бу ёш болаларнинг ўз ҳаётлари эвазига ижарага машина олишларининг ягона мисоли эмас. Сўнгги қўнғироқ байрами арафасида Навоийда Matiz автоуловини ижарага олган битирувчи ўқувчиларнинг бошқарувни йўқотиб ЙТҲга учрашлари оқибатида икки нафари вафот этган эди.

Ҳуқуқий оқибатлар

Ўтган йили Сенатда ўтказилган Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида маълум қилинишича, 2023 йили мамлакат бўйлаб 9 839 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 9 209 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2 282 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Шунингдек, йўлларда 2023 йилда жами 16 миллиондан ортиқ қоидабузарлик қайд этилган, жумладан 13 миллиондан кўп қўпол қоидабузарлик, 42 мингга яқин транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш, 300 мингдан ортиқ пиёдалар қоидабузарлиги қайд этилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, 5 ёшдан 29 ёшгача бўлганлар орасидаги ўлимнинг асосий сабаби айнан автоавариялар ҳисобланади. 2017 йилда Американинг Йўл ҳаракати хавфсизлиги жамғармаси томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, энг кам ЙТҲлар 60-69 ёшдаги ҳайдовчилар томонидан содир этилса, 16-17 ёшдаги ўсмирлар энг кўп автоҳалокатга сабаб бўлишади.

Вояга етмаган шахслар ҳам қонунни бузгани учун жавобгарликка тортилади, бу эса уларнинг келажагига салбий таъсир қилади. Ўзбекистон қонунчилигида вояга етмаганлар содир этадиган жиноятларнинг ўзига хос хусусиятлари ва бошқа ҳолатлари эътиборга олиниб, алоҳида жавобгарлик белгиланган. Жиноят кодексининг 81-моддасига кўра, булар:

•    жарима
•    мажбурий жамоат ишлари
•    ахлоқ тузатиш ишлари
•    озодликни чеклаш
•    озодликдан маҳрум қилиш.

Улар жиноятнинг тури ва характерига қараб тайинланади ҳамда вояга етмаганларга нисбатан жазонинг бошқа турлари, қўшимча жазолар тайинланиши мумкин эмас.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мактаб ўқувчилари томонидан машина бошқариш нафақат қонунбузарлик, балки катта хавф туғдирувчи ҳолатдир. Бу масалани ҳал қилишда жамиятнинг барча қатламлари — ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мактаблар, ота-оналар ва ёшларнинг ўзлари бирдек масъул. Фақатгина шундай ёндашув орқали хавфсизликни таъминлаш ва ёшлар ҳаётини асраш мумкин.

Иқбол Эргашова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

ЙТҲ Йўл ҳаракати қоидаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг