Навоийда ўқувчи машинада ЙҲХБ инспекторини уриб юборди
3-саҳифа
−
20 Январь
6130Навоий вилоятининг Навоий шаҳрида йўл-патруль хизмати инспектори Жасуржон Муҳаммадов хизмат олиб бораётган вақтида машина уриб кетиши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Фаёзжон Қосимов QALAMPIR.UZ'гa маълум қилди.
ЙТҲ кеча, 19 январь куни тунги соат 1:45 да содир бўлган. ЙҲХБ инспектори Навоий шаҳрининг Ислом Каримов кўчасида олиб бораётган хизмати вақтида давлат рақамисиз, йўл ҳаракати қоидаларини бузиб ҳаракатланган Kia Sonet машинасининг ҳайдовчисига тўхташ ишорасини қилган. Ҳайдовчи эса ишорага бўйсунмасдан йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳолда қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ҳамда инспекторни уриб юборган. Сўнгра воқеа жойидан қочиб кетган. Йўл-патруль хизмати инспектори эса воқеа жойида вафот этган.
Маълум қилинишича, машина бошқарувида Навоий шаҳридаги 8-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси, 2008 йилда туғилган С.М. бўлган. Боланинг отасига тегишли бўлган ушбу автомобиль олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида яшириб қўйилган жойидан топилган ва жарима майдонига жойлаштирилган.
Маълумот учун, ЙҲХБ инспектори марҳум Жасуржон Муҳаммадов 1993 йилда туғилган, оилали, 2 нафар боланинг отаси.
“Сўнгги пайтларда ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган, ҳали транспорт воситасини бошқариш учун тегишли рухсатномалари мавжуд бўлмаган болалар томонидан кўплаб ана шундай мудҳиш йўл-транспорт ҳодисалари содир этилмоқда. Оқибатда қанчадан-қанча одамлар қурбон бўляпти. Шу ўринда ота-оналардан фарзандларига эътиборли бўлишларини, уларга транспорт воситасини бошқаришни ишониб топширмасликларини сўраб қоламиз”, дейди QALAMPIR.UZ билан суҳбатда бўлган ИИБ матбуот котиби.
Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ЙТҲ юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда.
LiveБарчаси