Навоийда йўл-патруль инспекторининг ўлими ортидан жиноят иши очилди
3-саҳифа
−
20 Январь
9209Аввалроқ, Навоий вилоятининг Навоий шаҳрида йўл-патруль хизмати инспектори хизмат олиб бораётган вақтида машина уриб кетиши оқибатида вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши очилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.
Содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) ва 117-моддаси (хавф остида қолдириш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, ЙҲХБ ходимининг ўлимига олиб келган ушбу ЙТҲ кеча, 19 январь куни тунги соат 1:45 да содир бўлган. Йўл-патруль хизмати инспектори Навоий шаҳрининг Ислом Каримов кўчасида олиб бораётган хизмати вақтида давлат рақамисиз, йўл ҳаракати қоидаларини бузиб ҳаракатланган Kia Sonet машинасининг ҳайдовчисига тўхташ ишорасини қилган. Ҳайдовчи эса ишорага бўйсунмасдан йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳолда қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ҳамда инспекторни уриб юборган. Сўнгра воқеа жойидан қочиб кетган. Йўл-патруль хизмати инспектори эса воқеа жойида вафот этган. Машина бошқарувида Навоий шаҳридаги 8-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси, 2008 йилда туғилган С.М. бўлган. Боланинг отасига тегишли бўлган ушбу автомобиль олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида яшириб қўйилган жойидан топилган ва жарима майдонига жойлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятида 9-синф ўқувчиси ижарага олинган машинада йўл-транспорт ҳодисаси содир этганди.
LiveБарчаси