Хорижлик фуқаролар майгача Ўзбекистонда қолади

Жамият 5749
image

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган хорижий фуқароларнинг мамлакатдан чиқиб кетишларидаги муаммоларни инобатга олиб, уларнинг виза муддатини жорий йилнинг 5 май санасигача автоматик тарзда узайтирилади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар бермоқда. 

Қайд этилишича, коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича махсус комиссия йиғилишида шунга доир қарор қабул қилинган.  

Шунингдек, ҳужжатга кўра, муайян муддатга визасиз кириш ҳуқуқига эга давлатлар фуқароларига ҳам (белгиланган муддат бузилган тақдирда) истисно тарзида мамлакат ҳудудидан чиқиб кетишига жорий йилнинг 5  майига қадар рухсат берилади.  

Юқоридаги ҳолатларда хорижий мамлакатлар фуқароларига нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмайди ҳамда жарима ундирилмайди.  

Транспорт вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда хорижий фуқароларнинг ўз ёки учинчи мамлакатга қайтиши учун харид қилинган “Uzbekistan Airways” АЖнинг авиачиптаси мавжуд бўлган тақдирда, уларнинг қайтиб кетиши учун тегишли рейсларини қўшимча маблағ ундирмаган ҳолда ташкил этади.   

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда халқаро авиаташувлар жорий йилнинг 16 мартидан бошлаб тўхтатилган эди. Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг 20 мартдаги қарори биноан транспортнинг барча турларида халқаро йўналишларда йўловчи ташиш жорий йилнинг май ойигача тўхтатилди

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган хорижий мамлакат фуқароларининг виза муддати жорий йилнинг 10 апрелигача автоматик тарзда узайтирилиши хабар қилинган эди. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 41 нафарга етди

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 125
Рейтинг: 2.8
t
×