Хориждан ўқишни “перевод” қилиш учун ўтиш бали белгиланди

Жамият 17246
image
-

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги 53 та Олий таълим муассасисига (ОТМ) хориждан ёки Ўзбекистондаги нодавлат ОТМлардан ўқишни кўчириш бўйича ўтиш бали 66,1 балл этиб белгиланди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича,  2021/2022 ўқув йили учун  хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириш бўйича 2020/2021 ўқув йили учун тасдиқланган фанлар мажмуасига мувофиқ 2 та фандан ўтказиладиган махсус синовлар (тест, касбий (ижодий) имтиҳон) натижаларига кўра ўтиш бали тўплаш мумкин бўлган максимал — 189 баллнинг 35 фоизи (66,1балл) этиб белгиланган.

“Бу йил ўтган йиллардагидан фарқли равишда имтиҳонни ДТМ олади. Бу ОТМларга ҳужжат топшириб, ДТМ имтиҳони асосида талаба бўлган абитуриентларга нисбатан адолатни таъминлаш учун қилинди. Шунингдек, имтиҳонда ўтиш баллини тўплолмаганлар табақалаштирилган контракт асосида ўқиши мумкин”, дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов.

Абдували Холиқовнинг таъкидлашича, бошқа вазирликлар тасарруфидаги ОМТлар учун ўтиш балларини ўша вазирликлар ўзи тасдиқлайди. Масалан, тиббиёт ОТМлари учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтиш балини белгилайди.

Бундан ташқари, вазирлик вакили ушбу 66,1 балл доим бир хил ҳолда сақланиб қолмаслигини маълум қилди.

“Ўқишни кўчиришда 1 йил олдинги кириш имтиҳонларидаги максимал балл асос қилиб олинади. Белгиланган бу ўтиш балли кейинги йилларда ҳам бир йил олдинги баллга қараб белгиланади ва ўзгариши мумкин”, дейди Холиқов.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 603
Рейтинг: 3
t
×