Хоразмлик педофиллар ишини судда кўриш бир ойга тўхтатилди
3-саҳифа
−
18 Июль 2023
9569Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйининг вояга етмаган тарбияланувчиларини муттасил зўрлаб келганликда айбланган Хоразм вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Айбек Машарипов ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Анвар Қурязов иши бўйича суд мажлиси 1 ойлик муддатга тўхтатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди хабар берди.
Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2023 йил 6 апрелдаги ажрими билан Хоразм вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 27 декабрдаги ажримининг А.М. ва А.Қ.га оид қисмини бекор қилиб, ишни янгитдан апелляция инстанцияси судида кўриш учун юбориш тўғрисидаги Хоразм вилоят прокуратурасининг кассация тартибидаги протести қаноатлантирилиб, ушбу жиноят ишини янгидан апелляция инстанция судида кўриш учун юборилиши белгиланди ва Жиноят-процессуал кодексининг 393-моддасига (жиноят ишининг судловга тегишлилигига кўра ўтказилиши) асосан ушбу жиноят иши апелляция тартибида янгидан кўриб чиқиш учун Тошкент шаҳар судига юборилган эди.
Мазкур жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ мазкур жиноят иши ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилмоқда.
Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг суд мажлисида прокурор судга илтимоснома билан мурожаат қилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 416-417-моддалари тартибида судланувчиларга янги айблов бўйича жиноят иши қўзғатиш ва бошқа шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш масаласини ҳал қилиш учун жиноят иши ҳужжатларини айблов хулосасини тасдиқлаган прокурорга юбориш тўғрисида ажрим чиқаришни сўради.
Қайд этилишича. апелляция инстанция судлов ҳайъати прокурор илтимосномасини қаноатлантириб, судланувчилар А.М. ва А.Қ.га оид жиноят иши бўйича ажрим қабул қилиб, Хоразм вилоят прокурорининг ўринбосарига юборилган ва жиноят ишини кўриш 1 ойлик муддатга тўхтатилган.
Эслатиб ўтамиз, Хоразмдаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари (3 нафар қиз) 10 ой давомида вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи томонидан зўрлаб келинган. Уларга нисбатан 1,5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Шунингдек, уларга шароит яратиб берган болалар уйи раҳбари 5 ярим йилга қамалган.
LiveБарчаси