Хоразмдаги “самосуд”: аёл нега калтаклангани аниқланди
Жамият
−
12 Июнь 2020
93264Аввалроқ, Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида бир гуруҳ аёллар бошқа бир аёлни уриб, дўппослаб, сочини кесиб, “самосуд” қилгани ҳақида хабар берган эдик. Ҳодиса юзасидан Хоразм вилояти ИИБ расмий маълумот берган ва жиноят иши қўзғатилганини маълум қилганди.
Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ҳолат бўйича қўшимча маълумот берди ва можаронинг сабабини очиқлади.
Билдирилишича, 9 июнь куни тахминан соат 22:40 да Қўшкўпир тумани “Иттифоқ” маҳалласида яшовчи 20 ёшли Ҳ.О. дугоналари Д.А., Л.М., М.М., Д.К. билан биргаликда яшаш уйига келаётган бўлган. Шу вақтда олдидан 31 ёшли С.Д. бошқарувидаги Nexia русумли автомашина келиб тўхтаган ва ундан шу маҳаллада яшовчи К.Д., Р.Д, ва О.Д. тушиб, “Сен нима учун ўғлим ва келинимни турмушини бузиб, бузғунчилик қилиб юрибсан” деб ҳар хил сўзлар билан ҳақорат қилиб, уриб тан жароҳати етказган. Бу ҳолатни шу ерда бўлган С.Д. ўзининг уяли телефон аппаратига видеотасвирга олиб турган.
Суриштирув давомида Х.О. шу маҳаллада яшовчи К.Д.нинг ўғли С.Д. билан 2016 йилдан буён яшаб келаётганлиги, ҳозирда бир нафар фарзанди борлиги аниқланган.
Суд тиббий экспертиза хулосасида Х.О. чап билак, чап-ўнг елка, болдир, чап сон ва кўкрак қафасини қонталашлари бўлиб, енгил тан жароҳати олганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қўшкўпир тумани бўйича ИИО ФМБ хузуридаги тергов бўлинмаси томонидан К.Д., Р.Д., О.Д. ва Н.Р.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б,г” бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан, ўз мазмунига кўра умум эътироф этган ахлоқ қоидаларини намойишкорона менсимасликда ифодаланувчи ўтакетган беҳаёлик билан безорилик содир этилса) билан жиноий иш қўзғатилган.
LiveБарчаси