Қўшкўпирда аёл “самосуд” қилинди
Жамият
−
11 Июнь 2020
40321Ижтимоий тармоқларда Хоразмнинг Қўшкўпир туманида бир нечта аёл бошқа бир аёлни уриб, сочларини кесиб “самосуд” қилгани тасвирланган видео тарқалди.
Видеода аёллар бир гуруҳ аёллар бошқа бир аёлни ўртага олиб, уриб, сочларини кесаётгани тасвирланган. Аҳамиятлиси, атрофда турган йигитлар ва эркаклар буни томоша қилиш билан чекланган. Етмаганига бир эркак ҳеч кимни аралашмасликка чақириб тургани эшитилади.
Ушбу видеолавҳа Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан зудлик билан ўрганиб чиқилган.
Ўрганиш жараёнида видеолавҳадаги ҳолат 2020 йил 9 июнь кунидан 10 июнь кунига ўтар кечаси Қўшкўпир туманида содир бўлгани ва жабрланувчининг шу куни ҳудуд профилактика инспекторига қилган мурожаати асосида ИИБ навбатчилик қисмида белгиланган тартибда ҳисобга олиниб, суриштирув ишлари бошлангани аниқланган.
Ҳолатга алоқадор барча шахсларнинг шу жумладан, уни уяли телефони орқали видео тасвирга олиб ижтимоий тармоқларга жойлаштирган эркакнинг ҳам шахсига аниқлик киритилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б,г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўтказилган тергов ҳаракатларининг якуни бўйича қўшимча равишда ахборот берилади.